Қаршида ИИБ ходими прокурорга қарши чиқди. БП ИИБ ходимига қарши баёнот эълон қилди 

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар бўлими бошлиғи Қарши шаҳар прокурорининг талабларини бажаришни рад этиб, фуқаронинг тарафини олгани акс этган видеохабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура муносабат билдирди. 

Мазкур тарқалган видеодан кўриш мумкинки, Қарши шаҳар 4-сонли ИИБ бошлиғи прокурорга эътироз билдириб, фуқаронинг ёнини олган. 

“Сиз ҳуқуқни ҳимоя қилувчи шахс бўлсангиз, мен ҳам фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган одамман. Сиз ҳам, мен ҳам Президентнинг одамимиз”, дейди видеода ИИБ бошлиғи.

Шунингдек, у прокурордан агар унга нисбатан шахсий адовати бўлса, очиқчасига гаплашиб олишини сўраган.

“Сиз одамларни бундай қақшатманг. Ёқиб юборди эмас, устидан қуйди. Худодан қўрқинг, туҳмат қилманг, бола-чақа ўстиряпсиз. Хоҳлаган каттангизга чиқинг, мен пенсияга чиқсам чиқаманки, бундай қилмайман. Мен халқимни яхши кўраман, халқимни севаман”, дейди ИИБ бошлиғи.

Бош прокуратурага кўра, фуқаро Б.Х. тегишли ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг кириш дарвозаси ёнида савдо дўконини қуриб олган. Ушбу савдо дўкони тез тиббий ёрдам машиналарининг шифохона ҳудудига кириб-чиқишига тўсқинлик қилгани ва фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётгани учун Б.Х. ноқонуний қурилмани ихтиёрий бузиб олиш тўғрисида бир неча марта огоҳлантирилган. Шунингдек, у бу иши бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Шундай бўлсада, фуқаро ноқонуний қурилишни бартараф этиш чораларини кўрмаган. 

Мазкур ҳолат Қарши шаҳар прокурори томонидан назоратга олинган бўлиб, шу йил 13 апрель куни Қарши шаҳар 4-сонли ИИБ бошлиғи А.Ж. мутасадди идоралар билан биргаликда Б.Х.га ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш бўйича кўрсатма бериш учун борган.

Шу вақтда Б.Х.нинг турмуш ўртоғи масъул ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбурлаш мақсадида савдо дўконини бузмаслигини билдирган. Бундан ташқари, аёл кийимларига бензин сепиб, ўзини-ўзи ёқиш билан қўрқитган.

Бош прокуратуранинг билдиришича, А.Ж. ўзига юклатилган вазифаларни бажаришдан бўйин товлаб, фуқарога ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш ҳақидаги далолатномани топшириш чораларини кўрмаган. Шу билан бирга, у сохта обрў орттириш мақсадида шаҳар прокурорининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши ҳақидаги талабига нисбатан гўёки прокурор фуқаро манфаатларига зид ҳаракат қилаётгани ҳақида асоссиз важлар келтириб, эътироз билдирган.

“Маълумот ўрнида, Б.Х. томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бино ихтиёрий бартараф этилмагани сабабли, Кадастр агентлиги Қарши шаҳар бўлими томонидан судга киритилган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган. Жавобгарга ноқонуний қурилмани мажбурий тартибда буздириш ва ер майдонини фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган”, дейилади БП баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура ИИБ Қарши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг