“Қанқа шаҳристони” ёдгорлигига 14 млрд сўмлик зарар етказилди
3-саҳифа
−
21 Ноябрь 2023
4506Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги “Қанқа” археология ёдгорлиги ҳудуди ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олингани, хусусан, уй-жойлар қурилиши, боғ ва экин экиш майдонлари ташкил этилгани кескин танқид қилиниб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабат билдирди.
Мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида ҳақиқатда айрим фуқаролар томонидан ёдгорлик ҳудудига жиддий зарар етказилгани аниқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида “Қанқа шаҳристони” 320-рақам билан моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган. Объект даври милоддан аввалги III аср — милоднинг XII асрига тааллуқли бўлиб, у давлат мулки сифатида Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Тарихий манбаларга кўра, ушбу ёдгорлик Тошкентнинг энг қадимги пойтахт шаҳри бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин тутади. Ёдгорликдаги ўрта асрларга оид карвонсарой минтақа ҳудудидаги шаҳар шаҳристонида жойлашган ягона карвонсаройдир.UNESCO'нинг расмий саҳифасида ва Wikipedia умумжаҳон энциклопедиясида ёдгорлик ҳудуди 160 гектар деб қайд этилган.
Хусусан, 1977 йилда қазув ишлари натижасида очилган ва кейинчалик собиқ иттифоқ даврида “колхоз”га бериб юборилган шаҳарнинг мудофаа девори ичидаги учинчи шаҳристон ҳудуди ҳанузгача қайтариб олинмаган. Ҳудуддаги майдонлар суғорилиши оқибатида ёдгорликнинг қолган қисмига жиддий зарар етказилган. Жумладан, маданий қатлам бузилиб, қадимий меъморий иншоотлар, девордаги расмлар ва бошқа ноёб топилмалар емирилган.
Шунингдек, учинчи шаҳристоннинг жануби-ғарбий қисмини ўраган мудофаа деворини ички ва устки қисми маҳаллий фермер томонидан эгалланиб, бу жойда айрим фуқаролар уй-жой қуриб олган. Ёдгорликнинг жанубий қисмидаги мудофаа девори ички қисмида қарийб бир гектар майдон ҳам эгаллаб олиниб, тураржой қурилган. Ёдгорликнинг жануби-шарқий томонидаги мудофаа деворининг ички қисмидаги майдон экинзорга ҳамда маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар томонидан чиқиндилар майдонига айлантирилган.
“Соҳага масъул идораларнинг бефарқлиги сабабли объектнинг туристлар ташриф буюриши мумкин бўлган ғарбий ва жанубий томонидаги йўлларнинг ёдгорликка кириш қисми ҳам афсуски, чиқиндихона вазифасини ўтаб келмоқда”, дейилади муносабатда.
Ёдгорликнинг кадастр ҳужжатига кўра, унинг умумий ер майдони 104,99 гектарни ташкил этади. Ҳозирда унинг 0.50 гектарига фуқаро А.Б., 0.79 гектарига фуқаро Т.Б. қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори) экиб, ўзбошимчалик билан ушбу ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келмоқда.
Бундан ташқари, соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига зид равишда Оққўрғон туман ҳокимининг 2016 йил 8 июндаги 566-сонли қарори билан фуқаро А.П.га тураржой бино-иншоотлари ва улар билан банд бўлган ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ёдгорлик ҳудудидан 0.56 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу майдоннинг 140.4 кв метр қисмига 3 та яшаш уйи, 2 та кириш хонаси, қурилиши тугалланмаган бино ва бостирма қурилган ҳамда бир қисмига боғ ташкил қилинган.
Ўрганиш жараёнида вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан А.Б, Т.Б. ва А.П.га моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказган моддий зарар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектига А.П. томонидан 10 млрд 367 млн 448,3 минг сўм, А.Б. томонидан 2 млрд 423 млн 520,0 минг сўм, Т.Б. 1 млрд 093 млн 950,0 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 132-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь