Қамоққа тушгани ҳатто АҚШни қувонтирган “Коля Қирғиз” ким эди?
Таҳлил
−
09 Октябрь 2023
79029Жиноят оламида “Коля Қирғиз” номи билан танилган қирғизистонлик таниқли криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек улуу Кўлбоев) жорий йилнинг 4 октябрь куни Бишкекда Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция вақтида ҳалок бўлди. Узоқ йиллик “жиноий карьера”га эга бўлган “қонундаги ўғри” (“вор в законе”) 49 ёшида хавфсизлик ходимининг ўқидан ўлди. Қуйидаги мақолада нафақат Қирғизистон, балки МДҲ давлатларида ҳам ном чиқарган жиноятчининг криминал оламда босиб ўтган йўли ҳақида ҳикоя қилинади.
Оиласи ва болалиги
Қамчибек Асанбек ўғли Кўлбоев 1974 йил 3 августда Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида миллий спорт турлари бўйича республикада хизмат кўрсатган мураббий Асанбек Кўлбоев ва Мая Алиева оиласида туғилган. Унинг ота-онаси жиноятдан узоқ одамлар эди.
Қамчибек болалигидан катта оилада ўсган. Унинг Света, Айнура, Раушан, Жўлдош, Бахит исмли ака-ука ва опа-сингиллари бўлган. Қамчи ва Жўлдош “Н.Крупская” номидаги спорт мактаб-интернатида таҳсил олган. Қамчи эшкак эшиш бўлимида, укаси эса дзюдо бўлимида. Жўлдош отаси сингари спорт йўлидан кетган. У 2020 йилдан буён Қирғизистон Республикаси Миллий дзюдо федерацияси президенти ва Осиё дзюдо иттифоқи вице-президенти ҳисобланади.
Криминал авторитетнинг яна бир укаси Бахит Асанбек уулу эса божхонада ишлайди. 2020 йилда оммавий ахборот воситалари унинг Шимоли-шарқий божхона бошлиғининг ўринбосари эканини ёзганди.
Қамчибек Кўлбоевнинг ўзи беш фарзанднинг отаси бўлган. Унинг уч қиз ва икки ўғли бор. Қизлари аллақачон турмушга чиққан.
Жиноят оламига кириш
“Коля Қирғиз”нинг жиноят оламига кириб келиши яна бир криминал авторитет Рисбек Акматбоев номи билан боғлиқ. 1990-йилларда у Акматбоевнинг қўриқчи-ҳайдовчиси ва кейинчалик яқин шериги бўлган. ОАВ Кўлбоевни Акматбоевнинг тарафдори ва энг яқин ёрдамчиси деб атаган, аммо 90-йиллар охирида уларнинг орасидан оламушук ўтган.
“Акматбоев Кўлбоевни умумий хазинадан пул олгани учун жазолади”, деб ёзган ўшанда маҳаллий қирғиз нашрлари.
2000 йилда Акматбоев ва яна икки кишининг ҳаётига суиқасд қилишда айбланган. Ўшанда жиноятчилар бошлиғи яраланган, унга ҳамроҳ бўлганлар эса ўлган. Суд “Коля Қирғиз”ни 25 йилга озодликдан маҳрум қилди, бироқ у 6 йилдан кейин колониядан қочиб кетди. Бош прокуратура қамоқдан қочиш бўйича иш қўзғатди ва Қамчибекни қидирувга берди. 2007 йилда эса у амнистияга тушган бўлиб чиқди ва қидирув тўхтатилди.
Бу орада ОАВда Қамчининг 2000 йил 10 январдаги ёзма кўрсатмаси пайдо бўлган. Унда ёзилишича, Қамчибек Кўлбоев 1999 йилда “вор в законе” Азиз Батукаев бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳнинг уч чечен аъзоси ўлдирилишига "беихтиёр гувоҳ" бўлган. Ўша йилларда у Акматбоев билан жиноий низоларга аралашган. Кўрсатмада айтилишича, Қамчи ўшанда тергов изоляторида бўлган ва Акматбоев ундан “тилини тийиш”ни талаб қилган. Акс ҳолда, жиноий тўда бошлиғи Қамчининг оиласи билан шуғулланиш билан таҳдид қилган.
Маълумот учун, Рисбек Акматбоев ҳам худди “Коля Қирғиз” каби Иссиқкўл вилоятидан. 80-90-йилларнинг охирларида у рекетлик ва қотиллик учун судланган. 2000-йилларда у уч марта қотилликда, жумладан, полиция полковнигини ўлдиришда айбланган. Лекин 2006 йилнинг январида Бишкекнинг Первомайск туман суди уни оқлаган. Ўша йилнинг апрель ойида “айбсиз” Акматбоев депутатликка номзодини қўйган ва 79 фоиз овоз олган. Унинг ғалабасидан кейин мамлакатда "жиноятчиликка қарши митинглар" бошланган. Қамчибек қамоқдан қочган 2006 йилда Акматбоев ўлган. У масжиддан чиқаётганида отиб кетилган эди.
Катта ўйинга қадам
2008 йил 6 ноябрда Москва шаҳрида жиноят оламининг "чўқинтирган оталари" "Банный двор на Лобненской" ресторонида йиғилди, улар орасида "Япончик" лақабини олган Вячеслав Иванков ва “Дед Хасан” деб ном чиқарган Аслан Усоян каби 30 га яқин "вор в законе”лар бор эди.
Шу йиғилишда 34 ёшли иссиқкўллик Қамчибек ҳам қатнашди. Айнан шу куни унга "тож кийдирилди" ва у Қирғизистонни “назорат қиладиган” “вор в законе” бўлди.
Қирғизистоннинг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Мурат Суталинов ҳатто бу вазиятга маълум умид боғлаган эди:
“Бу қирғизлардан чиққан биринчи “қонундаги ўғри”(“вор в законе”). Энди, ўйлайманки, республика жиноят оламида маълум даражада барқарорлик бўлади – қонунбузарлар, безорилар камайиб кетади. Қамчи Кўлбоев эски ўғриларнинг тушунчаларига амал қилади, у ерда адолатнинг маълум жиҳатлари бор: "Ўлдирма, заифларни талон қилма, инсон қонини тўкма". Шундай экан, мамлакатдаги жиноятчилик ва безориликка барҳам берилади”, деган вазир.
Кўлбоев “вор в законе” мақомига эга бўлгач, Москвадаги қирғиз тадбиркорларидан ўлпон йиға бошлади. Шу тариқа, “Коля Қирғиз”нинг одамлари Строгино ва Митишидаги қурилиш бозорларида қирғиз савдо нуқталарининг сотувчиларидан пул ундириш учун уларни калтаклади. Жабрланганларнинг сўзларига кўра, уларнинг ватандошлари “Қирғизистоннинг янги жиноят қироли Қамчи Кўлбоев” номидан Москвадаги ишбилармонлардан ўлпон йиғган ва уларга мамлакатда қолган қариндошларини қатағон қилиш билан таҳдид қилган.
“Kloop” маълумотларига кўра, “Коля Қирғиз” Қирғизистондаги Апрель инқилобидан кейин Бирлашган Араб Амирликларига қочиб кетган. 2011 йил 21 июлда у Абу-Дабида жиноятчи ўғирланган сохта ҳужжатлар ва заргарлик буюмлари билан қўлга олинган.
Унинг адвокати Икромидин Айтқуловнинг аниқлик киритишича, Қамчи Кўлбоев Интерпол орқали ҳибсга олинган.
Ўшанда Қирғизистон ва БАА ўртасида экстрадиция бўйича келишув ҳали тузилмаган эди. Шунинг учун ҳам ўша йилнинг 6 сентябрида Абу-Даби ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистон маъмурияти томонидан чиқарилган заргарлик дўконини ўғирлаш айбловларини олиб ташлаган ва “Коля Қирғиз”ни ҳибсдан озод қилган.
2012 йил октябрда Кўлбоев Қирғизистонга қайтиб келганида, Ички ишлар вазирлиги унга нисбатан саккиз модда бўйича жиноий иш қўзғатган. Жиной тўда бошлиғи бўлса фақат товламачиликда айбдор деб топилди. Бишкекнинг Первомайск туман суди “Коля Қирғиз”ни 5,5 йилга қаттиқ тартибли колонияга жўнатди, апелляция шикояти эса ҳукмни 3 йиллик қамоқ жазосига алмаштирди. Натижада Кўлбоев 2014 йил июнь ойида озодликка чиқди.
“Коля Қирғиз”нинг калласи учун АҚШдан мукофот”
2011 йилда Қўшма Штатлар қирғизистонлик “қонун ўғриси”ни энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритиб, унга қарши санкция киритди. Давлат департаменти “Коля Қирғиз”нинг жиноий тармоғининг молиявий механизмларини очиб берувчи маълумот учун 1 миллион доллар мукофот таклиф қилди. Қўшма Штатлар маълумотларига кўра, “Коля Қирғиз” халқаро уюшган жиноий гуруҳ “Биродарлар доираси” таркибига киради. Вашингтоннинг фикрича, Кўлбоев ва унинг шериклари глобал наркотиклар, қурол-яроғ ва одам савдоси билан шуғулланган.
Кўлбоевнинг Қирғизистонда ҳибсга олингани маълум бўлгач, АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон расмийларининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
“Қўшма Штатлар Қирғизистон ҳукумати жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу хавфли жиноятчи етакчини жиноий жавобгарликка тортади ва ҳибсга олади, деб умид қилади”, дейилган ўша пайтда эълон қилинган элчихона баёнотида.
“Коля Қирғиз” қамоқхонада чириб кетадиган одам эмас эди. Шундан сўнг, 2017 йилда АҚШ ҳукумати Кўлбоевни собиқ СССР мамлакатларининг Қўшма Штатлардаги мулки мусодара қилиниши керак бўлган топ 10 жиноий авторитет рўйхатига киритди. 2021 йилда Давлат департаменти “Коля Қирғиз”ни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун мукофот миқдорини беш баравар ошириб, 5 миллион долларга етказди.
Президент Жапаров
2011 йилда Қирғизистон ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев ва Жогорку Кенеш депутати Садир Жапаров парламент йиғилишида жанжаллашиб кетди. Рисалиев Жапаровни жиноятга алоқадорликда айблаб, “Рисбек Акматбоев ва Қамчи Кўлбоевнинг луқмасини ичганини” айтган. Жапаров эса криминал идоралар билан алоқалари ҳақидаги маълумотларни қатъиян рад этди. Депутатнинг сўзларига кўра, у Кўлбоевни фақат бир марта – 2010 йил апрел инқилобидан кейин кўрган.
2020 йил 7 октабр куни Бош вазир бўлган Садир Жапаров матбуот анжуманида яна Кўлбоев билан алоқаси йўқлигини такрорлади. Бироқ орадан кўп ўтмасдан, аноним Telegram-каналларда Жапаровнинг ортида Кўлбоев тургани хақида қабарлар тарқалди.
Иккинчи уйга айланган қамоқ
Кўлбоевнинг шов-шувли ҳибсга олишларидан бири 2020 йил 22 октабрда содир бўлган. Ўшанда МХХ ходимлари уни “Авангард” спорт клубида ушлаб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига қамаб қўйган. Ўшанда Коля Қирғизга нисбатан жиноий ташкилот тузиш (ИИВ маълумотларига кўра, унинг уюшган жиноий гуруҳи таркибида 424 киши бўлган), 250 миллион қирғиз сомидан ортиқ (деярли 3 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича айбловлар қўйилган. Жиноятчининг қариндошлари эса депозит ҳисоб рақамига 49,6 миллион сом (585 минг АҚШ доллари) киритган. Шундан сўнг, “Коля Қирғиз” дастлаб 47-сонли ахлоқ тузатиш ва даволаш муассасасига [ҳозир тугатилган] ўтказилган, кейин эса қамоқдан озод қилинган. Кейинчалик унга нисбатан жиноят иши тўхтатилгани маълум бўлган.
Қамчибек Кўлбоев озодликка чиққандан бир неча кун ўтиб, АҚШ расмийлари уни ҳибсга олишга ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг "молиявий оқимини бузишга" ёрдам берадиган маълумот учун мукофот миқдорини 1 миллион доллардан 5 миллион долларга оширди.
2022 йилда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси яна “Коля Қирғиз” ҳибсга олинганини эълон қилди. Бу сафар у чегара ҳудудида ов қилаётганда содир бўлди. Охир-оқибатда эса ҳаммаси маъмурий жазо билан якунланди.
Қозоғистон
Қўшни Қозоғистон ҳам “Коля Қирғиз”ни изига тушган эди. У ерда Қамчибек Кўлбоев трансмиллий жиноий ташкилот тузишда гумон қилинганди. Бироқ орадан кўп ўтмай жиноят 2007-2009 йилларда содир этилгани важи билан уни жиноий жавобгарликка тортиш учун даъво муддати ўтган бўлиб чиқди. Шу муносабат билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жиноий иш бўйича терговни тўхтатди.
Хайрия
Криминал авторитет вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда пайдо бўларди. Кўпинча янгиликлар у қилаётган саховатпеша хайриялар билан боғлиқ эди. Жумладан, у тўр пардаси ажралиши билан касалланган кикбоксчи Улан Қосимбековнинг операцияси учун пул тўлаган, Олимпия ўйинлари совриндори Ойсулув Тинибековага автомобиль совға қилган, коронавирус пандемияси даврида Чўлпон-Ота касалхонасига кислород концентраторлари ва бошқа тиббий жиҳозлар харид қилган.
Ўлим
2023 йилнинг 4 октябрь куни тушдан кейин Иброимова ва Қулатов кўчалари кесишган “Учқун” босмахонаси ёнида отишма содир бўлди. Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Кўлбоевни “Блондер” барида ҳибсга олган.
Манбаларга кўра, махсус операцияда фақат махсус хизматлар иштирок этган, полиция унда қатнашмаган. Бир неча соатдан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Кўлбоев “қаршилик кўрсатаётганда” ўлдирилганини расман эълон қилди. Бунгача унга нисбатан бир неча жиноий иш қўзғатилган: Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 261-моддаси (“Уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш”), 267-моддаси (“Қурол, ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда муомала қилиш”), 37-122-моддаси (“Ўлдиришга уриниш”). Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Кўлбоевнинг унга мухолиф жиноий гуруҳ раҳбари “Доо” лақаби билан танилган Чингиз Жумагуловни ўлдиришга алоқадорлиги юзасидан дастлабки тергов ишларини олиб бораётган бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, хавфсизлик кучларидан махсус операция давомида фақат бир киши ҳалок бўлган, бошқа ҳеч ким ҳалок бўлмаган ёки яраланмаган.
5 октябрь куни “Коля Қирғиз”нинг дафн маросими Чўлпон-Отада бўлиб ўтди. У 49 ёшида бу дунёни тарк этди.
LiveБарчаси