Қамоққа олинган жангчи ва чақмоқ урган футболчи – Спорт дайжести

Таҳлил

Қамоққа тушган Нурсултон Рўзибоевнинг рақиби, FIFA рейтингида юқорилаган Ўзбекистон терма жамоаси ва чақмоқ уришидан ҳалок бўлган футболчи бугун диққат марказимизда. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Ўзбекистонлик UFC'чи охирги жангидан қанча даромад қилди?

Ўзбекистонлик UFC жангчиси Богдан Гусков UFC Fight Night 236 турниридаги ғалабали иштирокидан 78 минг АҚШ доллари фойда кўрди. 

31 ёшли Гусков 12 минг иштирок учун яна 12 минг ғалаба учун, 50 минг бонус ва 4 минг АҚШ доллари ҳомийлик шартномаларидан ишлаб топган.

Қайд этиш жоиз, Гусков UFC Fight Night 236 турнирида америкалик Зак Паугани биринчи раундда нокаут эвазига мағлуб этди ва ташкилотдаги биринчи ғалабасини тантана қилди.

Маълумот учун, Богдан Гусков MMA'да умумий 18 та жанг ўтказиб, 15 тасида ғалаба қозонган, 3 та жангда эса имкониятни бой берган. Пуганидан аввал у ўтган йили сентябрь ойида UFC Fight Night 226 турнири доирасида швейцариялик тажрибали Волкан Оздемир билан баҳс олиб бориб, мағлубиятга учраган.

Ўзбекистонлик боксчилар халқаро турнирда 14 та медални қўлга киритди

Жорий йилнинг 2-11 февраль кунлари болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича “Кичик Жаҳон чемпионати” саналмиш нуфузли “Странжа” халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этган Ўзбекистон жамоаси вакиллари умумжамоа ҳисобида турнирни 1-ўринда якунлади.

Эркаклар 13 та вазнда, аёллар эса 6 вазн тоифаси бўйича беллашган турнирда Ўзбекистон эркаклар жамоасидан Ҳўжаназар Нортожиев, Абдумалик Халоков, Иқболжон Ҳолдоров, Жавоҳир Умматалиев ва Жаҳонгир Зокиров шоҳсупанинг 1-поғонасидан жой олди. Аёллар ўртасида эса -50 кг вазнда Сабина Бобоқулова олтин медалга эга чиқди.

-57 кг да Шаҳзод Музаффаров ва -63,5 кг вазнда Адҳамжон Муҳиддинов кумуш медаль соҳибига айланди.

Асилбек Жалилов, Ҳасанбой Дўсматов, Дилшод Абдумуродов, Фазлиддин Эркинбоев, Самандар Жалолов ва Ҳуморабону Мамажонова жамоа ҳисобида бронза медалларини қўшиб қўйди.

Шундай қилиб, Ҳиндистон ва мезбон Болгарияни ортда қолдирган Ўзбекистон жамоаси баҳсларни энг юқори поғонада тугатди.

Индонезияда футболчи чақмоқ уришидан ҳалок бўлди

Жорий йилнинг 10 февраль куни Индонезиянинг “Персикас Субанг” футбол клуби аъзоси ўйин вақтида чақмоқ урушидан вафот этди. Ҳолат ўртоқлик ўйинида содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда, “Персикас Субанг” жамоасининг 30 ёшли футболчиси кучли чақмоқ уришидан кейин йиқилиб тушганини кўриш мумкин. Воқеа Бандунг шаҳрида содир бўлган.

Маълум бўлишича, футболчи зудлик билан касалхонага ётқизилган, бироқ жиддий жароҳат олгани сабабли вафот этган.

Эътиборлиси, Индонезияда бундай ҳолат биринчи марта бўлиши эмас. 2022 йилнинг август ойида ҳам мамлакатда шунга ўхшаш ҳолат кузатилган.

Нурсултон Рўзибоевнинг рақиби ҳибсга олинди

Жорий йилнинг 30 март куни UFC Fight Night турнири доирасида ўзбекистонлик Нурсултон Рўзибоевга қарши жанг қилиши керак бўлган америкалик Седрик Дюма ҳибсга олинди. Бу ҳақда ESPN хабар берди.

Манбага кўра, Флоридада яшовчи аёл эшигини Дюма тақиллатаётганини билдириб, полицияга мурожаат қилган.

“Мен унинг йигити бўлмасам, нима қиламан уни безовта қилиб? ” деган Дюма айбловни тан олмай.

Ҳозирда мазкур иш бўйича 28 ёшли спортчи ҳибсга олинган ва 5 март куни унинг суди бўлиши режалаштирилган. 

Маълумот учун, Дюма шу вақтга қадар UFC'да 3 та жанг ўтказиб, 2 тасида зафар қучган, 1 та баҳсда эса мағлубиятга учраган. У охирги жангини ўтган йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган UFC 294 мусобақасида марокашлик Абу Азейтарга қарши ўтказиб, ҳакамларнинг якдил овози билан ғалаба қозонган.

Таниқли нидерландиялик футболчи олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Нидерландияда 2020 йилда 1300 килограмм кокаин контрабандасида айбланган футболчи Квинси Промес устидан суд жараёни якунланди. Бу ҳақда “Voetball News” хабар берди.

Манбага кўра, Промес айбдор деб топилиб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ, айни дамда ҳуқуқ-тартибот идоралари Промесни ушлай олмаяпти. 2021 йилнинг февраль ойидан бери 32 ёшли ярим ҳимоячи Россиянинг “Спартак” жамоасида тўп сурмоқда. Россия ҳукумати футболчини экстрадиция қилишни режалаштирмаяпти.

Қайд этиш жоиз, Промеснинг қонун билан боғлиқ муаммолари биринчи марта содир бўлиши эмас. У 2022 йилда Россияда ўйнаб юрганида қариндошига пичоқ билан ҳужум қилган ва тан жароҳати етказгани учун 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Футболчи фаолияти давомида Нидерландия терма жамоаси сафида 50 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урган. Клуб миқиёсида у “Севилья”, “Аякс” ва “Твенте” жамоаларида тўп тепган.

Роналду пенальтидан ташқари голлар бўйича Мессига етиб олди

“Ал-Наср”нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду пенальтидан ташқари голлар сони бўйича “Интер Майами”нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Мессига тенглашиб олди. Бу ҳақда “MessivsRonaldo” Х саҳифаси хабар берди.

Роналду Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасида Саудиянинг “Ал-Фейҳа” клуби билан биринчи учрашувда (1:0) гол урди ва шу тариқа, у пенальтиларни ҳисобга олмаганда фаолиятидаги 713-голини урди. Худди шунча гол Лионель Месси ҳисобида ҳам бор.

Маълумот учун, Роналду “Ал-Наср”да 2023 йилдан буён ўйнаб келмоқда. Футболчининг клуб билан шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган. Бунгача португалиялик футболчи “Манчестер Юнайтед”, “Ювентус”, “Реал” ва “Спортинг” клубларида тўп сурган.

Ўз навбатида, Лионель Месси 2023 йилдан бери “Интер Майами” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган. Фаолияти давомида аргентиналик футболчи ПСЖ ва “Барселона”да ўйнаган.

Янгиланган FIFA рейтингида Ўзбекистон икки поғона юқорилади

15 февраль куни Халқаро футбол федерацияси (FIFA) рейтингининг 2024 йилдаги дастлабки янгиланиши кузатилди. Осиё кубогида чорак финалга қадар етиб борган Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги рейтингда 66-ўринни банд этди.

Сречко Катанец шогирдлари ўз ўрнини ўтган ойга нисбатан икки поғонага яхшилаб олди. Осиё терма жамоалари ичида энг яхши натижа ҳамон Японияга тегишли бўлиб турибди. “Кунчиқар юрт” вакиллари қитъа биринчлигидаги мувафаққиятсиз иштирокидан сўнг рейтингда 1 поғона пастлаб 18-ўринга жойлашди.

Осиё термалари ичида энг катта сакрашни Осиё кубоги ғолиби Қатар амалга оширди. Қатарликлар ўз ўрнини бир варакайига 21 поғонага яхшилаб, 37-ўринни эгаллади.

Кучли ўнталикда ўзгаришлар кузатилмади. Ҳамон Аргентина терма жамоаси жадвалда карвонбошилик қилмоқда.
“Эйнштейн” Тожикистон мураббийлигидан кетди

Футбол бўйича Тожикистон бош мураббийи Петр Сегрт шартномаси тугагани учун терма жамоа мураббийлигидан кетди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

“Тожикистон футбол федерацияси Петр Сегртга икки йиллик фаолияти учун миннатдорчилик билдиради ва унга келгусидаги мураббийлик фаолиятида муваффақиятлар тилайди”, дейилади манба хабарида.

Қайд этиш жоиз, 57 ёшли мутахассис қўл остида мамлакат терма жамоаси биринчи марта Осиё кубогида иштирок этиб, чорак финалга қадар етиб борди.

Маълумот учун, Петр Сегрт бошчилигида Тожикистон терма жамоаси 24 учрашув ўтказиб, баҳсларнинг 11 тасида ғалаба қозонди, 7 тасида дуранг ўйнади ва 6 та учрашувда мағлуб бўлди. Шунингдек, Сегрт бошчилигида Тожикистон терма жамоаси иккита халқаро мусобақа ғолибига айланди.

Диёра Келдиёрова “Катта Дубулға” турнирида ғолиб бўлди

Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича "Катта Дубулға" турнирида ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритди.

-52 кг вазн тоифасида иштирок этган Диёра Келдиёрова финалда икки карра Олимпия ўйинлари совриндори италиялик Одетте Жуфрида устидан ғалаба қозонди.

-48 кг вазнда Ҳалимажон Қурбонова бронза медали учун испаниялик Мирея Камосга қарши баҳс олиб бориб, зафар қучди.

Эркаклар ўртасида -60 кг вазнда иштирок этган Достон Рўзиев 3-ўрин учун кечган баҳсда грузиялик Тимур Нозадзени мағлубиятга учратди.

Мусобақада олтин медални қўлга киритган Келдиёрова Париж-2024 Олимпиадаси учун 1000 рейтинг очкоси, 3-ўринни қўлга киритган Достон Рўзиев ва Ҳалимажон Қурбонова 500 рейтинг очкосига эга чиқди.

Абдусатторов халқаро турнирда 20 минг АҚШ доллар ютди

15 февраль куни Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича “Freestyle Chess G.O.A.T Challenge” турнири якунланди. Мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов якунда 4-ўрин билан кифояланди.

Ярим финалда икки ўйин натижасига кўра норвегиялик Магнус Карлсенга имкониятни бой берган Абдусатторов 3-ўрин учун баҳсда америкалик Левон Аронянга қарши дона сурди. Томонлар ўртасидаги биринчи партия дуранг билан якун топган бўлса, иккинчи ўйинда

Ароняннинг қўли баланд келди.

Финалда эса Магнус Карлсен яна бир америкалик гроссмейстер Фабиано Каруана билан баҳс олиб бориб, ғалаба қозонди ва турнир ғолибига айланди.

Шундай қилиб, 19 ёшли Нодирбек Абдусатторов 4-ўринни қўлга киритиб, 20 минг АҚШ доллари пул мукофотига эга чиқди.

Мирзаҳалилов даъвогарлик жангида ғалаба қозонди.

16 февраль куни Тожкистон пойтахти Душанбе шаҳрида бокс бўйича IBA Champions Night турнири ўтказилди. Турнирда ўзбекистонлик боксчи Миразизбек Мирзаҳалилов ҳам иштирок этди.

Ярим енгил вазнда мексикалик Луис Родригесга қарши рингга кўтарилган Мирзаҳалилов бутун жанг давомида устунликни ўз томонида сақлаб турди ва якунда ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди.

Мазкур ғалаба туфайли Мирзаҳалилов ўз вазн тоифасида IBA камари учун мажбурий даъвогарга айланди. Мексикалик Луис Родригес эса профрингдаги биринчи мағлубиятини қабул қилди.

Шундай қилиб 28 ёшли Мирзаҳалилов профессионал фаолиятидаги бешинчи ғалабасини тантана қилди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

спорт спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг