Қамоқдаги Саакашвили АҚШдан ёрдам сўради
Олам
−
19 Ноябрь 2021
6435Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили АҚШ расмийларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” сиёсатчининг мактубига таяниб хабар берди.
“Агар АҚШ мени ҳимоя қилиш учун келмаса, бу (собиқ СССР ҳудудидаги) барча сиёсатчилар ва ғарбпараст одамлар учун даҳшатли сигнал бўлади”, деган Саакашвили жорий йилнинг 17 ноябрь куни адвокатлар орқали йўллаган мактубида.
Қўлда ёзган мактубида у қамоқхонада зўравонликка учраганини даъво қилади. Очлик эълон қилган собиқ Президент Грузия ҳукумати уни қамоқхонадан оддий шифохонага ўтказишга рухсат бермаганини айтган.
Аввалроқ, адвокатлар билан учрашувда Саакашвили йиқилиб, ҳушидан кетгани ҳақида хабар бергандик. Кейинроқ қамоқхона шифохонаси шифокори собиқ Президентнинг аҳволи барқарорлашгани ва ҳозирда барча ҳаётий кўрсаткичлар нормал эканини айтганди.
Шу куни Давлат департаменти Грузия ҳукуматини Саакашвилига адолатли ва муносиб муносабатда бўлишга, давлат ҳимоячисининг тўғри муомала бўйича тавсияларини тинглашга ва собиқ раҳбарга суд мажлисларида қатнашиш имкониятини беришга чақирди.
Шунингдек, Грузия парламентининг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Дмитрий Хундадзе Саакашвилини қамоқхона шифохонасидан хусусий клиникага ўтказиш зарур бўлиши мумкинлигини истисно қилмаслигини айтди.
Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили жорий йилнинг 1 октябрь куни очлик эълон қилган эди. Шу куни у саккиз йил ичида мамлакатга қилган биринчи ташрифидан сўнг Грузияда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, ҳибсга олинган. 8 ноябрдан бери Саакашвили қамоқхона шифохонасида.