Қамоқдаги Наргис Муҳаммадийнинг “Нобель”и унинг фарзандларига топширилди
Олам
−
11 Декабрь 2023
21658Кеча, 10 декабрь куни тинчлик бўйича Нобель мукофотини Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши курашган аёл, “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари” ташкилоти вице-президенти Наргис Муҳаммадийга топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.
Норвегия пойтахти Ослода бўлиб ўтган 2023 йилги тақдирлаш маросимида мамлакат қироллик оиласи ва ҳукумати аъзолари иштирок этган. Тадбир Нобель жамғармаси сайтида жонли трансляция қилинди.
Норвегия Нобель қўмитаси раиси Берит Райсс-Андерсен мукофот асосчиси Альфред Нобель портрети туширилган олтин медаль ва дипломни қамоқдаги эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргис Муҳаммадийнинг 17 ёшли эгизаклари Али ва Киана Раҳмонийга топширди.
“Бу йилги Тинчлик мукофоти Эрон ва бутун дунёда инсон ҳуқуқлари учун курашаётган, камситиш ва сегрегация (бирор ирқ ёки этник гуруҳни чегараланган ҳудудга мажбурлаб кўчириш ёҳуд дискриминация чоралари орқали ажратиб қўйиш) га барҳам бериш учун ҳаракат қилаётган барча жасур аёлларни тақдирлайди. Муҳаммадий ўз фаолияти орқали Эрондаги ва бутун дунё бўйлаб халқлар ўртасидаги қардошликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. Бу орқали у Альфред Нобель васиятномасининг шартларини бажарди”, дейди Райсс-Андерсен.
Шунингдек, қўмита раиси Эронда аёллар 30 йилдан бери сегрегацияга қарши курашиб келаётганини қўшимча қилди ва уларнинг ёрқин келажак ҳақидаги орзулари охир-оқибат амалга ошишига умид билдирди.
Маълумот ўрнида, Наргис Муҳаммадий 2016 йилда ўз ватанида ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган инсон ҳуқуқлари ҳаракатига раҳбарлик қилгани учун 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У 2020 йилда озодликка чиқди, аммо 2021 йил охирида яна ҳибсга олинган ва ҳозир Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида сақланмоқда.
1901 йилдан бери 103 та тинчлик мукофоти берилган бўлса, шулардан 18 таси аёлларга насиб қилган. Мукофотланганлар орасида 27 та турли ташкилот бор. Тинчлик мукофотидан воз кечган ягона шахс вьетнамлик сиёсатчи ва дипломат Ле Дик Тхо бўлиб, у 1973 йилда АҚШ Давлат котиби Генри Киссинжер билан бирга Вьетнам можаросини ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун мукофотга лойиқ кўрилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни Ослода эълон қилинган Нобель қўмитасининг тегишли қарори билан 2023 йилги тинчлик учун Нобель мукофотига Наргис Муҳаммадий лойиқ кўрилгани маълум қилинганди.
LiveБарчаси