Қамоқдаги Атамбоев Меркелни туғилган куни билан табриклади. Жапаров эса жим

Олам 7928
image

Кеча, 17 июль куни Германия канцлери Ангела Меркель 67 ёшни қаршилади. Аммо бу сафар унинг туғилган куни мамлакатдаги вайронкор тошқинлар билан бир вақтга тўғри келди.

Айни вақтда қамоқда сақланаётган Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев Facebook орқали Меркель хонимни табриклади. Aтамбоевнинг сўзларига кўра, бутун дунё Aнгела Меркелнинг ўз мамлакатининг равнақи учун улкан ишлар қилганини билади. У немис сиёсатчисини энг обрўли дунё раҳбарларидан бири деб атаган.

“Сиз қирғиз-герман ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшгансиз ва биз мамлакатимизга кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдормиз. Мен ва оилам сизнинг Қирғизистонга ташрифингиз ва тоғларга унутилмас саёҳатимизни доим хотирлаймиз”, деган Алмазбек Атамбоев.

Маълумот учун, Ангела Меркель 2016 йилда Қирғизистонга расмий ташриф билан келган.

Қайд этилишича, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг расмий сайтида Ангела Меркелга табрик жойлаштирилмаган. Протоколга кўра, дўст давлатлар раҳбарларига Президент номидан табриклар, шу жумладан туғилган кун билан табрик, одатда, мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан ОАВга юборилади. Хусусан, 29 июнь куни Садир Жапаров Туркманистон Президенти Гурбангули Бедимуҳамедовни туғилган куни билан табриклаганди.

Эслатиб ўтамиз, 13 июлдан бери Геманиянинг ғарбий ва жануби-ғарбий қисмида кучли ёмғир ёғиб, ҳалокатли тошқинларни келтириб чиқарди. Дарёлар қирғоқларидан тошиб, бутун бошли қишлоқларни оқизиб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, тошқинлар оқибатида 156 киши ҳалок бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 222
Рейтинг: 2.9
t
×