“Қамчиқ” довонида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди
Жамият
−
24 Март 2020
5899Фарғона водийсидаги уч вилоятни Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғловчи “Қамчиқ” довони вақтинча ёпилди. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун шундай қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ЙҲХБ маълум қилди.
“Хозирги вақтга келиб, хавфли вируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида Фарғона вилоятини Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғловчи “Қамчиқ” довонида ҳам вақтинча транспорт воситалари ҳаракати чекланди”, дейилади хабарда.
Фақатгина Фарғона вилоятидан бошқа вилоятларда доимий рўйхатда турувчи фуқароларга яшаш манзилларига етиб олишларига имкон берилади.
“Фуқаролардан ушбу чекловларни тўғри қабул қилишларини, олиб борилаётган тадбирлар ва белгиланган нормаларга амал қилиш орқали хавфли вируснинг республикамизда тарқалишини олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз!”, дея қўшимча қилинган хабарга.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 46 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor