Қамалиб чиқиб, тинчликнинг қадрини билган “қаҳрамон” депутатликдан кетишга ариза берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида бўлиб турган Халқ депутатлари Янги Наманган тумани Кенгаши депутати Музаффар Жамолитдинов депутатлик ваколатини муддатидан аввал тугатиш бўйича ариза ёзди. Бу ҳақда унинг ўзи Facebook’даги саҳифасида пост қолдирган. 

Жамолитдиновнинг маълум қилишича, у газ-“свет” муаммоси ҳақида гапирганларга қамоқхонадаги вазият эслатилган постини кимгадир таҳдид қилиш учун ёзмаган. Аксинча, ўзи бошидан ўтказган воқеалар, 10 ой қамоқда сақланганини бошқаларга етказмоқчи бўлган. 

“Куни кеча ушбу профил орқали мен қўйган пост ижтимоий тармоқларда кенг танқидий муҳокамаларга сабаб бўлди. Мен томонимдан қўйилган ушбу постда газ ва электр билан боғлиқ танқидий материалларни ижтимоий тармоқда тарқатмасдан қамоқда эмаслигига шукр қилиш кераклиги, тинчлик ва хотиржамликни қадрига етишга оид матн жойланган эди.

Тўғри, мен фикримни тўлиқ ва батафсил ёритмаганим натижасида пост ижтимоий тармоқларда бошқача талқин этилди.

Пост қўйилгач, турли гуруҳларда чиқа бошлаган муносабатлардан сўнг ўзим қўйган постни такрор-такрор ўқиб нотўғри жойланганимни англадим. Яъни, мендаги асл мақсад халқни қамалиши билан қўрқитиш ёки тахдид қилиш эмас, балки тинчлик хотиржамликни қадрига етишга қаратилган эди”, дейди депутат.

Шунингдек, у ўзи ёзган постда айнан қамоқ билан боғлиқ холатга тўхталганига ҳам изоҳ берган. Бундан 6 йил Жамолитдинов 10 ой қамоқ эҳтиёт чораси билан турмада сақланганини маълум қилган. 

“Мен 10 ой давомида кечирган ташвишларим шу даражада оғир бўлганидан ҳамда яна қайтадан тикланиш жуда қийин бўлганидан айни кундаги электр ва газ билан боғлиқ муаммолар ўз назаримда енгилдек туюлди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда чиққан коммунал муаммолар билан боғлиқ турли видеоларни кўриб хаёлимдан “бундан ҳам оғир ташвишларда юрганлар бор” деган фикр билан пост жойлаган эдим.

Жойланган постни кимдир биринчи бўлиб нотўғри талқин этгани натижасида ортидан барча канал ва саҳифаларда турли танқидлар урчиб борди. Шу ўринда мен жойлаган постни тахдид деб қабул қилган фуқаролардан тўғри қабул қилишларини сўраб узур сўрайман”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутат ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида газ-"свет" йўқлигидан нолиётганларни суриштириб кўриш, улар қамалиб чиққан ё йўқлигини аниқлаш ҳақида ёзиб, тинчликни қадрига етишга ундаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

510

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг