Аввал ҳоким, энди эса депутат “қовун туширди”. Янги Наманган кимларнинг қўлига қолган?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Янги Наманган тумани Кенгаши депутати Музаффар Жамолитдиновнинг ёзган постидан жумбушга келмоқда. Тармоқлар фойдаланувчиларининг аксарияти ва жамоатчилик фаоллари уни газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз очганларга қамоқ билан таҳдид қилишда айбламоқда. 

 “Ижтимоий тармоқларда газ-“свет” йўқлигидан нолиётганларнинг шахсини суриштириб кўринг, биронтаси қамалиб чиққан одам эмас. Яъни, қамалиб озодликдан маҳрум бўлганлар озодлик, эркинлик, тинчликнинг қадрига шу даражада кўп етадики, газ-“свет” муаммоси аҳамиятсиз бўлади”, деб гап бошлайди депутат. 

Жамолитдиновнинг фикрича, қамалиб чиққан одам қўрққанидан эмас, тинчлик ва хотиржамликнинг қадрини билганидан газ-“свет” муаммосини гапирмайди. Яъни тинчлик ва хотиржам, озодлик ва эркинлик бебаҳо, тенги йўқ катта неъмат. 

“Шамда ўтирсанг ҳам уйингда ўтир, ИИБ камерасида эмас. Совуқда ўтирсанг ҳам бола-чақангни олдида ўтир, Миллий хавфсизликнинг камерасида эмас. Метанга навбатда турсанг ҳам майли Уйчи турманинг “санчаст”ида навбатда турма. 

Маълумот учун, Уйчи турманинг камералари иссиқ ва ёруғ. У ерда ҳеч қачон “свет” ўчмайди, камераларга совуқ кирадиган очиқликда эмас. Ҳамма жойи ёпиқ. Хулоса чиқаринг”, деб ёзган халқ вакили Музаффар Жамолитдинов.  

Айни вақтда унинг ёзганлари Қонунчилик палатаси вакиллари эътиборини ҳам тортмай қолмади. Биринчилардан бўлиб Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев муносабат билдирди. 

“Фуқароларни энергия таъминотидаги муаммолар ҳақида гапиртирмаслик, тинчликни қадрига етиш учун уларга қамоқ билан таҳдид қилиш демократик жамиятга хос бўлмаган услуб. Ачинарлиси, бундай баёнотларнинг халқ сайлаган(сайлаган бўлса) халқ вакилларидан чиқиши ҳеч бир қолипга сиғмайди. 

Бу каби дунёқарашга эга билим ва савияси паст, сайловчилар манфаатини ҳимоя қилмайдиган шахсларнинг депутат мақомига эришиб қолаётганлиги аслида энг катта фожиамиздир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев тадбиркорни сўккани акс этган аудиоёзув тарқалди. Шундан сўнг ҳокимга ҳайфсан қўлланилган. Аҳамиятлиси шундаки, Музаффар Жамолитдинов ҳам айнан Янги Наманган тумани депутати. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

598

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг