Қаҳванинг сирли саёҳати: дарахтдан финжонгача
Бу қизиқ
−
06 Апрель
4003Бугунга келиб қаҳва нафақат миллионлаб одамларнинг севимли ичимлиги, балки миллиардлаб долларлик қийматга эга глобал саноат ҳамдир! У аллақачон дунё миқёсида йирик иқтисодий соҳа ва бизнес тармоғига айланган. Мақолада қаҳва бизнесининг ривожланиши, иқтисодий аҳамияти ва дунё бўйлаб ўсиб бораётган талаб ҳақида сўз юритилади.
Қаҳва қанча одамни пулли, қанчасини ишли қилади?
2024 йилда дунё бўйлаб қаҳва бозори қиймати 200 миллиард АҚШ долларидан ошган ва 2034 йилга келиб тахминан 350 миллиард АҚШ долларига етиши прогноз қилинмоқда. Balance Coffee (қаҳва маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи компания) маълумотларига кўра, қаҳва истеъмолига талаб йилдан йилга ортмоқда ва 2023 йилда Буюк Британияда ўртача йиллик қаҳва истеъмоли ҳар бир киши учун тахминан 528 финжонни ташкил қилган. Пировардида мазкур йўналишдаги бизнес турлари ҳам ривожланиб бормоқда.
Қаҳва харидорларнинг севимли ичимлигига айланишдан ташқари миллионлаб инсонларни иш ва даромад билан ҳам таъминлайди. Дунё бўйлаб тахминан 25 миллион фермер қаҳва меваларини етиштириш билан шуғулланади. Доналарни қайта ишлаш, экспорт ва импорт қилиш, ташиш ҳамда сотиш босқичларини ҳисоблаганда эса бу рақам юз миллиондан ошади.
Кун қаҳва билан бошланади
Кунни қаҳва билан бошлаш ва ҳатто давом эттириш одат тусига айланиб бўлган. “80/20 қоидаси” айнан қаҳва сотувида ўз аксини топади. Бу тушунча 80 фоиз даромад 20 фоиз харидордан келишини англатади. Яъни яхши тайёрланган ва чиройли таклиф қилинган қаҳва содиқ харидорларни кафолатлайди. Ичимлик сифатида қаҳва бизнеси билан шуғулланишни истовчилар қуйидаги бир неча омилларни инобатга олишлари керак бўлади:
- Тўғри жойлашувни танлаш. Масалан, шаҳарнинг ёшлар билан гавжум қисми ва асосан пиёдалар ҳаракатланадиган нуқта, айниқса, мос;
- Хизмат турини аниқлаштириш (кўчма, бар, етказиб бериш);
- Сармоя (шахсий маблағ, кредит ёки инвестор ёрдами);
- Харажатлар (ижара, ходимлар маоши ва бонуси, маҳсулот ва бошқалар);
- Рақобат (сифат ва нарх назорати);
- Тўғри ходим танлаш (харидор хўмрайган ёки қўпол сотувчига қайтиб келмайди);
- Маркетинг ва реклама (яхши маҳсулот рекламага муҳтож эмас, аммо хабардорлик савдога таъсир қилади).
Шунингдек, таъкидлаб ўтиш керакки, қаҳва бизнесининг ушбу турида кескин рақобат ҳукм суради. Истеъмолчилар ноёб ва янгича таъмли ичимликларни хоҳлаётгани сабабли сотувчилар харидорларни тутиб қолиш учун яхшигина тер тўкишларига тўғри келмоқда.
Қаҳва – қишлоқ хўжалигининг талабгир маҳсулоти
Қаҳва доначалари дўкон растаси ёки ичимлик тайёрлаб сотувчилар қўлигача жуда узоқ йўлларни босиб келади. 4-7 йилда ҳосилга кириб, 25 йил мева берувчи қаҳва дарахтлари Жанубий Америка, Жанубий Осиё ҳамда Африка мамлакатларида етиштирилади. Глобал миқёсда йилига тахминан, 9-10 миллион метрик тонна (1 метрик тонна = 1000 кг) қаҳва ҳосили ишлаб чиқарилади. Бразилия, Вьетнам ва Колумбия каби давлатлар дунёга қаҳва доналарининг асосий қисмини етказиб беради.
Асосан икки турдаги қаҳва ўсимлиги мавжуд:
Coffea arabica. Мураккаб таъмли ва камроқ кофеинни ўз ичига олувчи ушбу ўсимлик доналаридан “юқори сифатли” ичимликлар тайёрланади.
Coffea canephora (робуста). Ўткир ва аччиқроқ таъмли ушбу ўсимлик мевасини етиштириш нисбатан осонроқ. Шунинг учун ҳам бундай доналар нисбатан арзон.
Баъзи нозик фарқларига қарамасдан ҳар икки ўсимлик мевалари ҳам бир хил жараёнлардан ўтказилади:
Қўл ёки машинада терилган мевалар анъанавий усулда қуёш ёки замонавий усулда техникалар ёрдамида қуритилади.
Қайта ишлаш босқичида мева пўстлоғи олиб ташланади ва доначалар ажратилади. Кейинги жараёнда тозаланиб, сараланган доналар экспорт учун ҳозирланади. Шундан сўнг қаҳва доналарини импорт қилган мамлакатларда қайта ишлов бериш жараёнлари давом этади. Келтирилган яшил доналар саноат усулида пиширилади, қорайтириб, ёғланади ва бизга маълум “қаҳва таъми”га келтирилади. Ҳарорат ва унинг давомийлиги ранг ва таъмни белгилаб беради. Кейинги босқичда доналар яна бир бор сараланиб, қадоқланади. Шундан сўнг бошқа истеъмолчи давлатларга экспорт қилинади.
Шундай бўлса-да, қаҳва бизнесида ҳам таваккалчиликлар борлигини таъкидлаш лозим. Масалан, иқлим шароитлари, хусусан, глобал исиш омили қаҳва мевалари етиштирилишига таъсир қилади. Бу эса ўз-ўзидан нархлар ўзгарувчанлигига олиб келади. Бундай мураккаб вазиятга қарамай, истеъмолчи талаби ошиб бориши ортидан қаҳва қишлоқ хўжалиги секторида сезиларли ўрин эгаллаб, кўпгина мамлакатлар иқтисодининг муҳим йўналишига айланмоқда. Қаҳва дунё бўйлаб энг даромадли экинлардан бири бўлиб, одатда какао, пахта ва ширин лавлаги билан бир қаторда туради. Бироқ экин кўламининг кенгайиши ўрмонлар кесилиши, кўп сув сарфи ва ер шўрланиши каби оқибатларга олиб келаётганини таъкидлаш лозим.
LiveБарчаси
Тренддагилар




