Жозеф Вотел Президент қабулида бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 20 февраль куни Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаблари бошлиқларининг конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, ўтган йили май ойида АҚШга расмий ташриф давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли стратегик шерикликда янги даврни бошлаб берганини қайд этди.

Бугунги кунда кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бормоқда, инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2018 йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди. 

Президент АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилаётган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаблари бошлиқларининг конференцияси илк бор Ўзбекистон пойтахтида ўтказилаётгани ҳамда бугунги даврнинг энг ўткир муаммоларидан бири – Афғонистондаги қуролли можарони муҳокама қилиш ва уни ҳал этишга ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш учун майдон эканини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳамда хавфсизлик соҳасидаги шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жозеф Вотел Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул ва конференцияни Тошкентда ўтказиш имконияти учун миннатдорлик билдирди.

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони ушбу тадбир якунида томонлар минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида конструктив шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни ишлаб чиқишларига ишонч билдирди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-АҚШ Шавкат Мирзиёев Жозеф Вотел

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг