Ижтимоий тармоқ демократия учун асосий таҳдидга айланди – Эрдўған

Олам 2593
image
-

Аввалига ижтимоий тармоқлар “эркинлик тимсоли” сифатида қабул қилинган, аммо вақт ўтиши билан улар демократия учун асосий таҳдидлардан бирига айланган. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 11 декабрь куни Истанбулда бўлиб ўтган Стратегик алоқалар бўйича икки кунлик халқаро саммит иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди. 

“Виртуал фашизмнинг кучайиб бораётган кўринишлари ва ёлғон маълумотлар оқими фонида Туркия каби демократик ривожланган давлатлар ҳушёр бўлишлари керак”, дейди Эрдўған. 

Туркия раҳбари технологиялар ва виртуал маконнинг фаол ривожланиши замонавий жамиятлар ижтимоий муҳитини шакллантиришга таъсир қилишини таъкидлади. 

“Ижтимоий тармоқларга қизиқиш ортиб бораётган бир пайтда ёлғон, уйдирма хабарлар ва нотўғри маълумотлар оқими кўпаймоқда. Виртуал маконни бошқаришнинг самарали механизмлари мавжуд бўлмагани сабабли, бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг ҳаёти ёлғон хабарларнинг тарқалиши туфайли қоронғиликда қолмоқда. Дезинформация муаммоси алоҳида давлатларнинг миллий хавфсизлиги доирасидан чиқиб кетди. У глобал хавфсизлик таҳдиди миқёсига етмоқда”, дейди Эрдўған. 

Туркия Арезидентининг таъкидлашича, молиявий қувват, халқаро мақом ва амбициялардан қатъи назар, ҳеч ким – ҳеч бир компания ўзини қонундан устун қўя олмайди. 

Туркия дунёда қонун устуворлигидан устун турадиган доиралардан фарқли ўлароқ, ахборот муҳити ва алоқа платформаларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун қатъий курашни давом эттиради, дейди давлат раҳбари. 

“Биз одамларни имкон қадар тўғри ва холисона хабардор қилишга интиламиз, иложи борича дезинформациялар оқимини ва ёлғон тарғиботини бостирамиз”, дейди Эрдўған жамоатчилик фикрини манипуляция қилишга йўл қўйилмаслигини таъкидлаб.

Айни вақтда дунё аҳолисининг 49 фоизи ёки 3 миллиард 81 миллиони ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб келади. Бу кўрсаткич эса йилдан йилга ўртача 8,7 фоизга ёки 304 миллион кишига ортиб бормоқда. Дунё миқёсида мобил телефон фойдаланувчилари эса 3,76 миллиард кишини ташкил этмоқда. 

Айни вақтда жаҳонда 15 га яқин энг оммалашган ижтимоий тармоқлар мавжуд бўлиб, ушбу рўйхат аввалида келувчи 6 та ижтимоий тармоқнинг ҳар биридан ойига 1 миллиарддан зиёд киши фойдаланади. Масалан: 

•    Facebook – 2,4 миллиард; 
•    YouTube – 2 миллиард;
•    WhatsApp – 2 миллиард;
•    Facebook Messenger – 1,3 миллиард;
•    WeChat (Weixin) – 1,1 миллиард;
•    Instagram – 1 миллиард. 

Ижтимоий тармоқлар энг аввалида ўзаро мулоқот қилиш майдони бўлган бўлса, бугун улар оммавий ахборот вазифасини ҳам бажармоқда. Анъанавий ОАВдан фарқи шундаки, биринчи навбатда ижтимоий тармоқда тарқатилаётган ахборотларнинг холис ва тўғрилиги доим савол остида. Устун тарафи ахборотларга нисбатан муносабат, фикр билдириш, мулоқот жараёнида қатнашиш мумкин. Бироқ, аксарият ҳолатларда мулоқотлар ва изоҳ қолдириш соғлом муҳитда содир бўлмаяпти. Фойдаланувчилар ўртасида диний, ирқий, этник можаролар келиб чиқмоқда. Қолаверса, ижтимоий тармоқ бугун исломофобия, терроризм ва сепаратизм тарғиботининг асосий марказига айланиб қолган.  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 42
Рейтинг: 3.1
t
×