Июлда “Humo arena”да каратэ WKF бўйича Осиё чемпионати ўтказилади

Спорт 1918
image

Жорий йилнинг июль ойида пойтахт Тошкентдаги “Humo arena” кўп тармоқли спорт мажмуасида каратэ WKF бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу мусобақа Токио-2020 Олимпиадасига лицензия беради. 

Кеча, 18 март куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Осиё каратэ федерациясининг бош менежери Винсент Чен ва МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда айнан шу ҳақда сўз борган. Аҳмаджонов Ўзбекистоннинг Осиё чемпионатини юқори савияда қабул қилишига тайёр эканлигини маълум қилиб, мусобақаларни ўтказиш учун “Humo arena”ни тавсия қилган.  

“Ишонч билан айта оламанки, Осиё каратэ федерацияси Олимпиадага лицензия берадиган Осиё чемпионатини бизга ишониб топширса, биз уни юқори савияда ташкиллаштириб берамиз. Куни кеча муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан яхши ниятларда кўп тармоқли “Humo arena” саройи очилди. Қитъа биринчилигини айнан у ерда ўтказишимиз ҳам мумкин. Сизни ўз инфраструктурамиз билан ишонтира оламанки, биз яна бир бор ушбу турнирга муносиб мезбонлик қилишга тайёрмиз”, деган Аҳмаджонов. 

Ўз навбатида Осиё каратэ федерацияси бош менежери Винсент Чен ҳам айнан инфраструктура билан танишиш ва шу юзасидан музокаралар олиб бориш мақсадида Тошкентга келганини таъкидлаган. 

“Ўзбекистон 2012 йили каратэ WKF бўйича Осиё чемпионатини қабул қилган ва бу борадаги имкониятларингиздан хабардормиз. Бироқ олдинда кутиб турган қитъа биринчилиги Токио-2020 Олимпиадасига лицензия бериши билан янада катта қизиқишга сабаб бўлади. Қитъа чемпионатидан аввал биз Тошкентда Осиё каратэ федерациясининг навбатдаги Конгрессини ҳам ташкил қилмоқчимиз. Шу боис инфраструктура билан танишиш, меҳмонхоналарни кўздан кечириш, делегацияларни кутиб олиш жараёни қай тартибда бўлишини ўрганиш ниятида шахсан ўзим Тошкентга келдим. Умид қиламанки, бўлажак Осиё чемпионати Тошкент учун унутилмас воқеликлардан бири бўлиб қолади”, деган Осиё каратэ федерацияси вакили. 

Ўзаро музокаралар давомида Тошкент мезбонлигида Токио Олимпиадасининг лицензиялари ўйналадиган Осиё чемпионати жорий йилнинг июль ойида ўтиши белгиланган. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.3
Будьте в курсе событий!
×
×