“Итдан тарқаганмисан, пул қани?” Бандихон прокурорига тегишлилиги айтилаётган аудио тарқалди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли деб айтилаётган ҳудуддаги маҳалла раисларини турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган аудио тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура муносабат билдирди.

Тарқалган аудиода, прокурор тумандаги маҳалла раисларини йиғиб, солиқ тушумлари бўйича ҳисобот сўраган.

“Эркакмисан сен ҳам? Хотинчалиш, итдан тарқалган экансанда, бўлмаса одамнинг ишини қилларингда. Бор, бориб итга ўхшаб вовулла кўчада. Ўлсанг, бугун кўмар эдик”, дейди прокурор солиқ тушумларини йиғолмаган раисга қарата.

Шунингдек, прокурор яна бир бошқа маҳалла раисига “Итдан тарқаганмисан, одамдан тарқаганмисан, итвачча”, дея ҳақорат қилган.
Аудиодан ҳақоратланган раислардан бири аёл киши эканлигини билиш мумкин.

“Бандихон қани? Қани оғайни, пул? 3 миллион? Энангникига тиқиб қўй у 3 миллионни. Кеча гапирган гапинг қани? Бор жойига қўйиб кел, мараз, итдан тарқаган! Обод турмуш қани? Ҳа, опа, 500 минг сўм тушган. Қани? Боринг, аризангизни ёзингда йўқолинг, ... борми сизга бу ерда ишлаб, давлатни, жамиятни ҳаром қилиб”, дея ҳақоратлашда давом этган туман прокурори Махманов.

Прокурор яна бир маҳалла раисини “Энангникига бир бошингни тиқиб ол, тузалади, ўша ердан чиққансанку”, дея ҳақорат қилган. Бунга жавобан маҳалла раиси қўполлашмасликни айтган.

Мазкур ҳолатга Бош прокуратура муносабат билдирар экан, ҳозирда Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.


Мақола муаллифи

Теглар

прокуратура ҳақорат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг