Италияда уч футболчи коронавирусни юқтириб олди
Спорт
−
29 Февраль 2020
7482Хитойда пайдо бўлган COVID-19 вируси Италияда кенг тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу вирус сабаб ўтказилиши керак бўлган бир қанча футбол учрашувлари бекор қилинди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Италиянинг С сериясида иштирок этадиган “Пьянезе” жамоасининг 3 нафар футболчиси коронавирус юқтириб олган.
Коронавирусни юқтириб олганлар
Жамоанинг ёш футболчиси ушбу вирусни биринчилардан бўлиб юқтириб олган, дея хабар қилинмоқда. Ўтган ҳафта шанба куни ушбу футболчи “Алессандри”га қарши ўйиндан олдин боши оғриб, тана ҳарорати кўтарилаётгани ҳақида клуб шифокорига айтган. Айни пайтда футболчи шифохонага ётқизилган.
Коронавирусни “юқтириб олганман”, деб ўйлаётган иккинчи футболчи уйидан кўчага чиқмаяпти. Сабаби, у вирусни бошқаларга юқтиришдан хавотирда. Мутахассисларнинг қайд этишича, футболчида коронавируснинг аломатлари аниқланмаган.
Коронавирусни юқтириб олган учинчи футболчи ҳам уйида даволанмоқда. У тана ҳарорати кўтарилаётгани ва ўзини бироз ноқулай ҳис қилаётганидан хавотир олмоқда.
Ҳозиргача “Пьянезе” жамоаси коронавирус билан оғриган футболчилар шахсини очиқлагани йўқ.
Коронавирусни юқтириб олган клуб ходими
Ушбу жамоанинг яна бир аъзоси, яъни клуб ходими ҳам коронавирусни юқтириб олгани айтилмоқда. “Пьянезе” ходими кеча, 28 февраль куни кечқурун ўзини ёмон ҳис қилган ва тонгда шифохонага ётқизилган.
Ҳозирги пайтда, “Пьянезе” жамоаси футболчилари, жамоа ходимлари ва клуб раҳбарияти шифокорлар назоратида бўлиб туришди.
Эслатиб ўтамиз, Италия А сериясидан ўрин олган, турнинг марказий ўйини, дея таърифланаётган “Ювентус” – “Интер” жамоалари ўртасидаги учрашув коронавирус сабаб мухлисларсиз ўтказиладиган бўлди.
Маълумот ўрнида, айни вақтга қадар коронавирус билан хасталанганлар дунё бўйлаб 85212 нафарни ташкил этмоқда. Вирусни юқтириб олиш натижасида 2924 киши вафот этди. Яна 39503 киши эса коронавирус хасталигидан тўлиқ тузалган.
LiveБарчаси