Италияда аёллар намойишга чиқди
Олам
−
08 Март 2023
15580Бугун, 8 март куни Италиянинг турли шаҳарларида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун намойишлар ўтказилмоқда. Касаба уюшмалари асосан транспорт соҳасига таъсир қиладиган умуммиллий иш ташлаш эълон қилди. Бу ҳақда Италиянинг “Rai News 24” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, иш ташлашлар ҳозирча жиддий қийинчиликларга олиб келмаган. Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган аёллар билан бирдамлик белгиси сифатида айрим тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар ҳам ишга келмаган. Бироқ бу ноодатий ҳол эмас. Ҳар йили 8 март куни Италияда анъанавий тарзда намойишлар ва иш ташлашлар бўлиб ўтади, уларда асосан давлат муассасаларида ишлайдиганлар эркаклар қатнашади.
Манбага кўра, Римда касаба уюшмалари иттифоқи томонидан сув ва энергия учун коммунал хизматлар кўрсатувчи Аcеа муниципал компанияси биноси олдида пикет уюштирилган. Унда иштирокчилар иш жойида аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига, иш ҳақи тенгсизлигига ва гендер камситишнинг ҳар қандай кўринишига қарши норозилик билдирган.
Таъкидлаш жоизки, Италияда бу йил байрам аёллар учун бир қатор катта муваффақиятлар билан нишонланади. Бунга бир нечта сабаблар бор. Масалан, ўтган йил охирида Жоржиа Мелони сайловларда ғалаба қозониб, Италиянинг биринчи аёл Бош вазири бўлди. Бир ҳафта олдин эса мухолифатдаги Демократик партияни бошқариш ҳам аёл киши қўлига ўтди. Партия аъзоларининг ички овоз беришида Элли Шлейн партия етакчиси этиб сайланди. Бир неча кун олдин олий суд – Кассация судига ҳам биринчи аёл – Маргерита Кассано раҳбарлик қила бошлади.
Бироқ экспертлар бошқарув органларида, жумладан парламентда ҳам аёллар озчиликни ташкил этишини таъкидлаган. Бундан ташқари, сўнгги статистик маълумотларга кўра, мамлакатда аёллар бандлигининг минимал даражаси Европадаги энг паст кўрсаткичлардан бири саналади. Италиянинг 45 та спорт федерацияси орасида фақат иккитасини аёллар бошқаради. Аёллар учун давлат иштирокидаги йирик компанияларга раҳбарлик қилиш анча қийин бўлиб қолмоқда.
LiveБарчаси