Италия Бош вазирини “пакана” деган журналист жаримага тортилди
Олам
−
19 Июль
4333Ижтимоий тармоқларда Италия Бош вазири Жоржия Мелонининг бўйини масхара қилган журналист 5 минг евро жаримага тортилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Италия суди ижтимоий тармоқларда Бош вазир Жоржия Мелонининг бўйини масхара қилувчи пост жойлаган журналист Жулиа Кортесега 5 минг евро товон пули тўлаши ҳақида суд қарорини ўқиб эшиттирди. Суд қарорига кўра, Кортесенинг Х ижтимоий тармоғида ёзган иккита твити туҳматли ва танани шарманда қилишга киради. Журналист ўз твитларида Мелонини “кичкина аёл”, “пакана аёл”, деб таърифлаган.
Суднинг 1200 евро миқдорида алоҳида жаримага тортишига қарши Кортесе ўз муносабатини билдирар экан, у Италия ҳукумати журналистикада сўз эркинлиги ва мухолифат билан боғлиқ жиддий муаммоларга эга эканлигини айтган. Журналист ва Бош вазир ўртасидаги ушбу баҳс 2021 йил октябрь ойида Мелони ўнг қанот Италия биродарлар партиясига қарши мухолифатда бўлганида бошланган.
Кортесе Х'даги саҳифасида Мелонининг сохта суратини жойлаштиради. Суратда Мелони китоб жавонининг олдида тургани акс этган ва унга марҳум Италия диктатори Муссолинининг ҳошияли сурати ёпиштирилган. Мелони Facebook'даги ўз постида сурат ўзига хос аҳамиятга эга эканлигини ва у бунга жавобан қонуний чора кўришини айтган.
Кортесе эса суратнинг сохта эканлигини англаб етгач, уни ўчириб ташлаганини билдирган. Бош вазир эса журналистни ўзига қарши медиа ҳужуми уюштирганликда айблади.
“Сиз мени қўрқитолмайсиз Жоржия Мелони. Ахир сизнинг бўйингиз атиги 1,2 метр. Мен сизни ҳатто кўрмаяпман”, деган журналист кейинчалик алоҳида ёзган постида.
Италия оммавий ахборот воситаларида айтилишича, Италия Бош вазири Жоржия Мелонининг бўйи 1,63 метрни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия Бош вазири рок гуруҳи раҳбарини судга бергани хабар қилинганди.