Истанбулдаги тунги клубда ёнғин чиқиши оқибатида 29 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Кеча, 2 апрель куни Туркиянинг Истанбул вилояти Шишли туманидаги 16 қаватли тураржой биносида ёнғин юз берди ва оқибатда 29 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Истанбул губернаторлиги маълум қилди.

Билдирилишича, яна бир киши оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

Айрим гувоҳларнинг хабар беришича, ёнғиндан олдин портлашлар овози эшитилган. Бироқ расмийлар буни ҳали тасдиқлаганича йўқ. 

Ёнғин бинонинг биринчи қаватида жойлашган тунги клубда содир бўлган, клуб Рамазон ойи муносабати билан фаолият юритмаётган бўлиб, таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди. Қурбонларнинг аксарияти ҳам тунги клуб жойлашган ва ёнғин бошланган ертўлада қурилиш ишларини олиб бораётган ишчилар ҳисобланади.

“Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин бинонинг биринчи қаватида фаолият юритувчи “Маскарад” кўнгилочар марказида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли юзага келган. Ёнғин ҳақида хабар олинганидан сўнг воқеа жойига кўп сонли ўт ўчирувчилар ва шифокорлар юборилган. Ёнғин ўчирилди”, дейилади хабарда.

Мутахассислар ва терговчилар ёнғин жойида ишлашни давом эттирмоқда. Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч Бош прокуратура тергов ишларини бошлаганини маълум қилди. Айни дамда ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин бўлган ва воқеа учун жавобгар бўлиши мумкин бўлган беш киши қўлга олинган.

Ўз навбатида, Истанбул мэри Экрем Имомўғли таъмирлаш ишлари шаҳар ҳокимияти билан тўғри мувофиқлаштирилмаган ва зарур хавфсизлик чораларига риоя қилинмаган бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси жабрланганлар ва ушланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари аниқланмаганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул ёнғин Туркия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made