Истанбулда 7 қаватли бино қисман қулаб тушди (видео)
World
−
10:39 1510 2 minutes
Бугун, 8 октябрь тонгида Туркиянинг Истанбул шаҳри Жевизли маҳалласи Доғу кўчасидаги 7 қаватли бино қисман қулаб тушди. Вазият ҳақида хабар берилгач, воқеа жойига ўт ўчириш, Фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD), Миллий тиббий қутқарув гуруҳи (UMKE), полиция ва тиббиёт гуруҳлари жўнатилди. Бу ҳақда “TRT Haber” хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, бинодаги ҳар қаватда 2 тадан – жами 12 та хонадон борлиги ва уларда жами 33 киши истиқомат қилиши аниқланган. Бироқ ўпирилиш вақтида бинода қанча одам бўлгани ҳозирча аниқланмаган. 14 ёшли бола бино вайроналари остидан соғ-омон қутқариб олинган ва унинг ҳаёти учун хавф йўқлиги маълум бўлган. Истанбул ҳокимлиги ушбу ҳолат бўйича баёнот берди.
“Соат 05:40 атрофида Малтепа тумани Жевизли маҳалласи Доғу кўчасида жойлашган 7 қаватли бинонинг уч қаватида ўпирилиш юз берди. Воқеа жойига AFAD, ўт ўчириш, тиббиёт ва хавфсизлик хизмати гуруҳлари жўнатилди”, дея маълум қилди ҳокимлик.
Ҳодиса юзасидан Анатолия Республика бош прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари бошланган. Истанбул ҳокими Довут Гул воқеа жойига етиб бориб, мутасаддилардан маълумот олган.
“Кўнгилсизлик ортда қолган бўлсин. Бу ердаги бино 1987 йилда қурилган. Жами 12 та хонадон бор. Маълумотларга кўра, у ерда яшовчилар сони 33 кишини ташкил этади. 4 та хонадон шикастланган. Биздаги маълумотларга кўра, ушбу 4 та хонадонда 14 киши рўйхатда туради. Уларда яшовчилардан 2 киши ўз юртида (вилоятида) бўлгани аниқланди, қолганлардан 5 киши қутқарилди. Вайронaлар остидаги 7 кишининг 4 нафари билан алоқа ўрнатилди. Қолган 3 кишини қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Хизматчиларимиз ўз вазифасини бажармоқда. Эвакуация қилинган фуқароларимиз орасида ҳаёти хавф остида бўлганлар йўқ”, дейди Довут Гул.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Сичуань провинциясида оилавий тадбир вақтида уйнинг бир қисми қулаб тушганди. Ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 17 киши жароҳатланган.
Live
All