Туркияда ўлаётган ўзбеклар
Интервью
−
31 Январь
10303Маълумки, Туркияда сўнгги вақтларда қалбаки, қўлбола спиртли ичимликларни истеъмол қилиш оқибатида қатор ўлим ҳолатлари кузатилмоқда ва қурбонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Ҳозиргача вафот этган 50 га яқин шахснинг 23 нафари ўзбекистонлик экани аниқланди. Улар Туркиянинг Истанбул шаҳрида, асосан, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар. QALAMPIR.UZ шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Ўзбекистон Бош консуллигида бўлиб, вафот этганларни мамлакатга юбориш билан боғлиқ ишлар қандай ташкил этилаётгани билан қизиқди.
Юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консули Шерзод Абдуназаров билан интервьюни томоша қилишингиз мумкин.
Қамариддин Шайхов, журналист: — Шу кунларда ўзбекистонликларнинг кун тартибидаги масала – Туркияда Ўзбекистон фуқароларининг сифатсиз алкоголь маҳсулотларидан вафот этиши билан боғлиқ ҳолат. Бу борада сўнгги вазият қандай?
Шерзод Абдуназаров, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули: — 2025 йил бошида Туркияда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз орасида шундай ҳолат юз берди. Истеъмол учун яроқсиз бўлган техник спиртни сувга қўшиб истеъмол қилиш оқибатида Истанбул шаҳрининг бир неча туманларида, фуқароларимиз кўпроқ яшайдиган жойларда ўлим ҳолатлари кузатилди. 23 киши вафот этди. Ҳозирги пайтда беш нафар ватандошимиз шифохонада даволанмоқда. Биз улар ва шифокорлар билан алоқада бўлиб турибмиз. Беш нафардан икки нафарининг аҳволи яхшиланди, қолганлари ҳали ҳам оғир аҳволда.
Вафот этганларнинг жасадларини Ўзбекистонга жўнатиш билан боғлиқ ишлар қандай ташкил этилаётганига тўхталсак, ҳозир бир нафар марҳумнинг жасади Ўзбекистонга жўнатишга тайёрланяпти, қолганларнинг жасадлари Ўзбекистонга олиб кетилди.
Қ.Ш.: — Ўзбекистонликларнинг жасадларини мамлакатга қайтариш билан боғлиқ маблағларни ким тўлайди? Туркия ҳукумати бу борада алоҳида комиссия тузиб, компенсация пулларини ундириш билан шуғулланяптими?
Ш.А.: — Маблағ Туркия томонидан қопланмайди, агар жасад Туркияга дафн қилинадиган бўлса, Туркия давлати харажатларни қоплаб бериши мумкин. Лекин Ўзбекистонга жўнатилаётган вафот этган фуқароларимизнинг жасадларига Туркия томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам ажратилмаяпти. Бунга фақатгина марҳумларнинг яқинлари ва Ўзбекистондан Миграция агентлиги ёрдам беради.
Қ.Ш.: — Ҳозирги кунда жасадларни Ўзбекистонга жўнатиш нархи қанчани ташкил этмоқда?
Ш.А.: — Ўртача 1200-1500 АҚШ доллари.
Қ.Ш.: — Сифатсиз алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида вафот этганлар Туркияда яшаш ва ишлаш бўйича расмий ҳужжатга эга бўлганми?
Ш.А.: — Аксарият шахслар ишлаш учун рухсатномага эга эмас эди. Вафот этган фуқароларимиз орасида ишлаш рухсатисиз ишлаганлар, яъни ноқонуний ишлаганлар бор эди. Бир фуқаромизнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномаси бўлган. Унинг жасадини Ўзбекистонга юбориш учун эса Миграция агентлиги ёрдам кўрсатди.
Қ.Ш.: — Биламизки, Истанбулда ўзбекистонликларнинг асосий яшаш жойлари Фотиҳ тумани, Оқсарой, Лалили маҳаллалари. Вафот этганлар, асосан, шу ҳудудларданми?
Ш.А.: — Сиз айтган ҳудудларда ватандошларимиз меҳнат фаолиятини олиб боради: савдо-сотиқ билан шуғулланишади, ошхоналар очишади ва бошқа хизмат турларини кўрсатишади. Яшаш жойлари жиҳатдан Фотиҳ туманидан ташқари, Башакшеҳир ва Эсенюрт туманлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам вафот этган фуқаролар Истанбулнинг Европа қисмида – асосан Фотиҳ, Башакшеҳир ва Эсенюрт туманларида яшаган. Осиё томонида эса Умранияда шундай ҳолат кузатилди. Шу туманларда ишлаган фуқароларимиз вафот этган. Лекин суриштирилганда, Умранияда вафот этган фуқаро ҳам қўлбола усулда тайёрланган спиртли ичимликни Фотиҳ тумани ҳудудидан олгани маълум бўлди.
Қ.Ш.: — Фотиҳ туманини Бейликдузи билан боғловчи йўлнинг оралиғи ўртача 20 километрни ташкил этади. Мен бежиз манзиллар борасида савол бераётганим йўқ. Демак, фақат ўзбекистонликлар ёки Марказий Осиёдан келган фуқаролар истиқомат қиладиган ҳудудларда эмас, балки маҳаллий турк фуқаролари истиқомат қиладиган ҳудудларда ҳам сифатсиз алкоголь маҳсулотлари аллақачон тарқаб улгурган. Шундайми?
Ш.А.: — Албатта! Ҳозирда Истанбул ҳокимияти қошида ишчи гуруҳ тузилган ва олтмишдан ортиқ сифатсиз спиртли ичимлик сотилаётган жойлар аниқланиб, уларнинг лицензияси бекор қилинган ва ёпилган. Ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ушланган. Ҳозирда 10 га яқин гумондор қўлга олинди, уларнинг тўрт нафарига жиноий иш қўзғатилди, қолганлар бўйича тергов ишлари кетмоқда.
Ҳолат қайд этилган кундан бошлаб Истанбул ҳокимлиги томонидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланди, яъни ҳар бир спиртли ичимлик сотиладиган дўконларда 24 соат давомида узлуксиз қайд этиб борувчи видеокузатув мосламаси ўрнатиш мажбурияти қўйилди. Бундан ташқари, сертификат бериш қоидалари мураккаблаштирилди ва видеоқайдларни 30 кунгача ўчириб юбормаслик мажбуриятлари белгиланди. Туркияда оммавий ахборот воситалари орқали профилактика ишлари ҳам давом этмоқда. Жиноят иши юритиляпти, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар орасида бизнинг фуқароларимиз йўқ, лекин Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бўлган фуқаролар бор. Уларнинг исмини ва қайси мамлакатдан эканини ошкор қилолмаймиз, ҳозирда тергов давом этмоқда.
LiveБарчаси
01 Март