Иссиқкўлга яна кучли сел келди (видео)
Олам
−
19 Август
4840Кеча, 18 август куни Қирғизистонда кучли сел оқими содир бўлди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Иссиқкўл вилоятининг жанубий ва шимолий ҳудудларида соат тахминан 15:30 да кучли ёмғир ёғиши оқибатида Чон-Кизил-Суу дарёси қирғоқларидан чиқиб, кўчаларни сув босган. Саруу қишлоғида сел оқими катта йўлни қоплаган ва автомобиллар йўлини тўсиб қўйган.
Оқ-Сай қишлоғида сел сувлари 30 та тураржой ҳовлисига кириб келган. 7 нафар фуқаро ва 1 нафар олти яшар бола эвакуация қилинган.
“Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 80 дан ортиқ қутқарувчиси, учта мотор насоси, учта экскаватор, тўртта юк кўтарувчи ва битта бульдозер жўнатилди. Иссиқкўл вилоятида сел оқибатларини бартараф этишда жами 300 дан ортиқ киши иштирок этмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 12 август куни ҳам Иссиқкўл вилоятида сел тошқини содир бўлиши оқибатида уй ва машиналар сув остида қолганди.