Исроилнинг фаластинликларни оммавий жазолаши уруш жиноятидир – БМТ
Олам
−
09 Ноябрь 2023
4305БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк Исроилнинг ҲАМАСга қарши олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари фонида барча фаластинликларни бирдек жазолаётганини уруш жинояти деб атади. Бу ҳақда у Мисрнинг Ғазо сектори билан чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктига ташрифи якунлари бўйича берган баёнотида айтиб ўтди.
“Бу 56 йиллик Исроил истилоси ва 16 йиллик қамал остида қолган Ғазо учун “даҳшатли туш”. 7 октябрь куни – тўқнашув бошлангунига қадар Ғазо “дунёдаги энг катта очиқ қамоқхона” эди”, дейди Фолькер Турк.
БМТ Олий комиссари шунингдек, 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумларни ва Исроил фуқароларининг гаровга олинишини шафқатсизлик деб атаган. У Исроилнинг бунга жавобан Ғазо секторини интенсив равишда бомбардимон қилиши, оқибатда тинч аҳоли, хусусан, аёллар ва болаларнинг ҳалок бўлаётганини қаттиқ қоралаган.
“Рафаҳ назорат пунктида киришини кутаётган гуманитар ёрдам Ғазо секторидаги барча муҳтожларга етказилиши керак. Халқаро ҳамжамият эса вазиятни Фаластин ва Исроил халқлари учун адолат билан якунланишига қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши лозим”, дейди у.
Бундан ташқари, Фолькер Турк 7 октябрдан бери гаровга олинган барча шахсларни озод қилишни талаб қилган.
Фаластин-Исроил можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь