Исроилнинг Эронга уюштирган даҳшатли зарбалари эълон қилинди
Олам
−
04 Июль
15257Жорий йилнинг 3 июль куни Эрон оммавий ахборот воситалари Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашув доирасида содир бўлган навбатдаги ҳужум видеосини эълон қилди.
“Al Jazeera” нашри томонидан тарқатилган видео тез орада ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди. Ушбу видеода зич аҳоли ҳаракатланаётган бир пайтда бинонинг ўрта қаватида портлаш юз бергани кўринади. Бир неча сониядан сўнг эса ракета светофорда турган машиналар орасига тушади.
Оқибатда Қуддус майдонида портлаш содир бўлиб, машиналар осмонга кўтарилади, асфальт бўлаклари, дарахтлар ва ёритиш устунлари яқин атрофдаги автомобиллар ва йўловчиларнинг устига қулайди.
Қайд этилишича, ушбу ҳужум 15 июнь куни содир бўлган, аммо бу ҳолатга оид тасвирлар энди оммага тақдим этилган.
Эрон расмийси берган баёнотга кўра, ҳужум Исроил томонидан шаҳарнинг муҳим инфратузилмасини – айниқса сув таъминоти тизимларини нишонга олган ҳолда амалга оширилган. Айниқса, Тежриш ва Қуддус майдонлари атрофидаги тармоқлар жиддий зарар кўрган.
Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият
Уруш 13 июндан 24 июнгача давом этди. Аввалига Исроил Эрон ҳудудига зарба берди, бунга жавобан Эрон ҳам Исроилни нишонга олди. 22 июнга ўтар кечаси АҚШ можарога аралашди ва Эрондаги ядро объектларини бомбалади. Кейинги куни Эрон Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига зарба берди.
Ушбу урушдан олдин АҚШ ва Эрон янги ядровий битим юзасидан музокаралар олиб бораётган эди. Исроил эса Теҳроннинг ядровий қуролга яқинлашгани боис операцияни бошлаганини билдирган. Вашингтон ҳам шундай фикрни баён қилган. Эрон эса ядро қуролини яратмоқчи эмаслигини, бироқ тинч атом дастурига ҳақли эканини таъкидлаган.