Исроилнинг Доҳага зарбалари Яқин Шарқдаги беқарорликни кучайтирмоқда – Лавров

Олам

image

Исроилнинг Қатар пойтахтига зарбалари Яқин Шарқ минтақасида янада беқарорликка олиб келмоқда. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши стратегик мулоқотининг ялпи мажлисида маълум қилди.

“Бизнинг 11 сентябрь куни ўтаётган учрашувимиз Исроилнинг 9 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳага йўллаган ракета зарбалари оқибатида Яқин Шарқда кескин ҳарбий-сиёсий таранглик кучайган бир шароитда бўлиб ўтмоқда. Биз бу хабарни катта ташвиш билан қабул қилдик. Буни халқаро ҳуқуқнинг, аввало, БМТ Низомининг қўпол бузилиши, мустақил давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз, Яқин Шарқдаги вазиятни янада беқарорлаштирувчи қадам деб баҳолаймиз”, дейди Лавров.

Россия ТИВ раҳбари “бундай ҳаракатлар, албатта, энг кескин қоралашга лойиқ” эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 сентябрь куни Доҳада портлашлар серияси юз берганди. Орадан кўп ўтмай Исроил армияси матбуот хизмати ҳарбийлар ҲАМАС вакилларига зарба берганини маълум қилди. Қатар Бош вазири маслаҳатчиси ва ТИВ расмий вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансори Исроил ҳужум учун жавобгар эканини тасдиқлади. Амирлик ИИВ маълумотига кўра, зарба оқибатида хавфсизлик кучлари ходими ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳат олган. Вазирлик Доҳадаги вазият хавфсизлигича қолаётганини билдирди.

Ўз навбатида, ҲАМАС ўз делегацияси аъзоларининг ҳалок бўлгани ҳақидаги ОАВ хабарларини рад этди, бироқ ҳужум оқибатида 6 киши қурбон бўлганини тан олди. Улар орасида Ғазо секторидаги ҳаракат раҳбарларидан бири Ҳалил ал-Ҳейининг ўғли ҳамда Қатар хавфсизлик кучлари ходими бор. ҲАМАС сиёсий бюроси аъзолари АҚШнинг Ғазо можаросини ҳал қилиш бўйича таклифини муҳокама қилаётган пайтда ҳужумга учраган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур ҳужум юзасидан баёнот бериб, мамлакат Исроилнинг Доҳа шаҳридаги тураржой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралашини ва буни Қатар Давлати суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолашини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Лавров Яқин Шарқ Қатар Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг