Исроилликларнинг ярмидан кўпи Нетаньяхунинг истеъфога чиқишини хоҳлайди – ОАВ
Олам
−
01 Май
3439Исроилликларнинг ярмидан кўпи Ғазо секторидаги вазиятдан келиб чиқиб, Бош вазир Биньямин Нетаньяху зудлик билан истеъфога чиқиши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Исроил телевидениесининг 12-канали ўтказилган сўровнома натижаларига таяниб, хабар берди.
Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 58 фоизи ҳукумат раҳбарининг зудлик билан истеъфога чиқиши тарафдори. 2022 йилдаги сўнгги сайловларда ҳукмрон коалиция таркибига кирган партияларга овоз берганлар орасидаги респондентларнинг 28 фоизи амалдаги Бош вазирни лавозимидан четлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, респондентларнинг 54 фоизи мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказиш зарур, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, сўровнома иштирокчиларининг 48 фоизи Мудофаа вазири Йоав Галантнинг зудлик билан истеъфога чиқиши ғоясини, 50 фоизи Исроил армияси Бош штаб бошлиғи Герзи Ҳалевини ишдан бўшатишни қўллаб-қувватлади. Респондентларнинг 56 фоизи Бош хавфсизлик хизмати (контрразведка) раҳбари Ронен Барни лавозимидан четлатиш тарафдори бўлган.
12-каналнинг билдиришича, сўровнома кеча, 30 апрель куни онлайн ва телефон орқали репрезентатив танлама усулида ўтказилган ва унда 500 нафар респондент иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни кечқурун Исроилда оммавий норозилик намойишларининг янги тўлқини бўлиб ўтганди. Энг йирик митинг Тель-Авивдаги ҳукумат бинолари мажмуаси яқинида бўлиб ўтганди.