Исроилда вазир Ғазога атом бомбаси ташлашни таклиф қилди
Олам
−
05 Ноябрь 2023
20136Ғазо секторига ядровий бомба ташлаш минтақадаги мавжуд вазиятни ривожлантиришнинг мумкин бўлган вариантларидан биридир. Бу ҳақда Исроилнинг Қуддус ишлари ва яҳудий мероси бўйича вазири Амикай Элияху маҳаллий радиостанциялардан бирининг эфирида сўз очди.
Унинг айтишича, Фаластин анклавининг аҳолиси "ёки Иорданияга ёки чўлга кетиши керак". Бундан ташқари, вазир Ғазога ҳар қандай инсонпарварлик ёрдамининг киритилишига рози эмаслигини билдирган.
Элияху кейинчалик ўз сўзларини рад этишга уринган. Х ижтимоий тармоғида у атом бомбаси ҳақидаги гаплари метафора эканини ёзган.
"Атом бомбаси ҳақидаги баёнот метафора эканлиги ҳар қандай ақлли одамга аён. Аммо биз [Исроил] терроризмга кучли жавоб қайтаришимиз керак", деган вазир.
Бош вазир идораси эса Элияхунинг сўзлари “ҳақиқатга тўғри келмаслиги”, Исроил бегуноҳ одамларга зарар етказмаслик учун фақат халқаро ҳуқуқ стандартлари асосида иш тутаётганини таъкидлаган.
“The Times of Israel” нашрининг ёзишича, Бош вазир Биньямин Нетаньяху Элияхуни номаълум муддатга Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларида иштирок этишдан четлатган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида Фаластин ҳукумати вакили Исроил Ғазо секторида 18 минг тоннадан ортиқ портловчи моддадан фойдалангани, бу тахминан 1,5 атом бомбаси кучига тенг эканини айтганди.
LiveБарчаси