Исроилда Нетаньяху сиёсатига қарши намойиш бўлиб ўтди
Олам
−
01 Апрель
4555Кеча, 31 март куни ўн минглаб исроилликлар Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат сиёсатига норозилик билдириш учун яна кўчаларга чиқди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, намойиш асосан Қуддусдаги парламент биноси – Кнессет яқинида бўлиб ўтган.
Намойишчилар ҳукумат истеъфоси ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини, шунингдек, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни тезда озод қилиш бўйича келишувга эришилишини талаб қилган.
Таъкидланишича, Қуддусдаги норозилик намойиши Ғазо секторида уруш бошланганидан бери энг йирик намойишга айланган.
Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид намойишда сўзга чиқиб, Нетаньяхуни кескин танқид қилган. У Бош вазирни Исроилнинг АҚШ билан муносабатларини бузишда ва ҲАМАС гаровга олган исроилликларни ўз тақдирига ташлаб қўйганликда айблаган.
“Нетаньяху ҳамма нарсани сиёсат учун қилади, мамлакат учун ҳеч нарса қилмайди”, дейди Лапид.