Исроилда навбатдан ташқари сайловлар натижаси эълон қилинди

Олам 3763
image

Кеча, 3 ноябрь куни Исроил Марказий сайлов комиссияси Кнессетга (парламентга) 1 ноябрда ўтказилган навбатдан ташқари сайлов натижаларини эълон қилди.  

Унга кўра, собиқ Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси 120 ўринли парламентда 32 та ўринни эгаллаган ҳолда, биринчиликни қўлга киритди. 

Амалдаги Бош вазир Яир Лапиднинг “Еш Атид” партияси 24 та ўрин олади. Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотричнинг ўта ўнгчи диний партиялар блоки “Диний сионизм”га 14 та ўрин насиб қилди. Амалдаги Мудофаа вазири Бенни Гантснинг “Штат лагери” блоки 12 ўринга эга чиққан. Шунингдек, диний партиялар ШАС ва “Бирлашган Яҳудий Таврот” мос равишда 11 та ва 7 та депутатлик портфелига эга бўлди.

Қолаверса, Авигдор Либерманнинг “Бизнинг уйимиз Исроил” партияси 6 та депутатлик мандатини эгаллади. “Араб Раам” ва ХАДАШ ТААЛ 5 тадан мандат олган. Лейбористлар партияси 4 та мандат билан рўйхатни ёпган.

Шундай қилиб, Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси бошчилигидаги ўнг қанот ва диний кучлар блоки биргаликда 64 та мандат олди. Бу эса уларга ҳукумат коалициясини тузиш имкониятини беради.

1 ноябрь кунги парламент сайловлари Исроилда 2019 йилдан бери бешинчиси бўлди. Сайлов натижаларига кўра, 25-Кнессетнинг таркиби аниқланади. Шундан сўнг, ҳукуматнинг каолиция тузиш тартиби бошланади. Каолиция тузиш муваффақиятли якунланадиган бўлса, янги ҳукумат ва Бош вазир қасамёд қилади. Ҳаммаси рисоладагидек бўлса, Биньямин Нетаньяху Бош вазирлик постига қайтади. Унгача ҳукуматни жорий йилнинг 1 июлидан бери бошқариб келаётган Яир Лапид Вазирлар Маҳкамаси тепасида қолади.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 61
Рейтинг: 3
t
×