Исроил вақтинчалик сулҳга қарамай урушни давом эттиради
Олам
−
22 Ноябрь 2023
5675Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху вақтинчалик сулҳга эришилган бўлса-да, ҲАМАСга қарши урушни давом эттиришини айтди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари маҳбусларни алмашиш бўйича келишув муҳокамасига бағишланган вазирлар маҳкамаси йиғилиши олдидан журналистларга маълум қилди.
“Биз урушни барча мақсадларга эришмагунимизча давом эттирамиз. Биз ҲАМАСни йўқ қиламиз, ўғирлаб кетилганларнинг ҳаммасини қайтарамиз ва Ғазода Исроилга таҳдид қолмаслигини таъминлаймиз”, дейди Нетаньяху.
Исроил ва халқаро ОАВ келишувнинг биринчи босқичида ҲАМАС Ғазо секторида сақланаётган 50 дан 80 нафаргача исроиллик аёллар ва болаларни озод қилишини хабар қилганди.
Бунга жавобан Исроил камида 150 нафар фаластинлик маҳбусни, асосан аёллар ва болаларни озод қилиши кераклиги айтилган.
Ғазода тўрт кунлик сулҳ эълон қилинганидан сўнг маҳбуслар алмашинуви амалга оширилиши ва келишув доирасида кунига тахминан 300 юк машинасининг Ғазога киришига рухсат берилиши маълум қилинди.
Исроилга кўра, 239 нафар исроиллик маҳбус ҲАМАСнинг қуролли қаноти қўлида.
Исроил қамоқхоналарида эса 7 мингга яқин фаластинлик маҳбус бор, улардан 2 мингдан ортиғига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
7 октябрдан бери Исроил кучлари босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда 3000 га яқин фаластинликни қўлга олган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Бош вазири идораси ҲАМАС билан сулҳга эришилганини маълум қилган, ҲАМАС ҳам буни тасдиқлаганди.
LiveБарчаси