Исроил ўт очишни тўхтатишга рози бўлмайди – Нетаньяху
Олам
−
31 Октябрь 2023
6115Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаслиги, чунки бу ҲАМАС билан курашда мағлуб бўлишни англатишини айтди. Бу ҳақда у “The Wall Street Journal”да эълон қилинган видеомурожаатда сўз очган.
"Қўшма Штатлар Пёрл-Ҳарборга ҳужумидан кейин ёки 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг ўт очишни тўхтатишга рози бўлмагани каби, Исроил ҳам 7 октябрдаги жангарилар ҳужумидан кейин ҲАМАС билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга рози бўлмайди. Ўт очишни тўхтатишга чақириш – бу ҲАМАС олдида, терроризм, ваҳшийлик олдида мағлуб бўлишга чақириқдир”, дейди Нетаньяху.
Унинг сўзларига кўра, Эрон Ғазо секторидаги ҲАМАСни, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”ни, Ямандаги ҳусийларни ҳамда “Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги бошқа террорчи гуруҳларни қуроллантириш, тайёрлаш ва молиялаш орқали террор ўқини” шакллантирган.
“ҲАМАС ва Эрон гуруҳлари билан курашиш орқали Исроил цивилизация душманларига қарши курашмоқда”, дея иддао қилади сиёсатчи.
Биньямин Нетаньяху “цивилизациялашган мамлакатлар”ни Исроилни қўллаб-қувватлашга чақирган.
“Агар ҲАМАС ва Эроннинг ёвузлик ўқи ғалаба қозонса, сиз уларнинг навбатдаги нишони бўласиз”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 октябрь куни Биньямин Нетаньяху урушнинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилган бўлса, бугун, 31 октябрь куни у Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти қуруқликдаги операцияларни кенгайтиришни ўз ичига олган учинчи босқичга кирганини маълум қилди.