Ғазодаги уруш учинчи босқичга кирди – Нетаньяху

Олам

image

Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти қуруқликдаги операцияларни кенгайтиришни ўз ичига олган учинчи босқичга кирди. Бу ҳақда бугун, 31 октябрь куни ҳукумат йиғилишида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.

“Биз уруш бошида турибмиз. Ўз олдимизга аниқ мақсад қўйганмиз: ҲАМАСнинг ҳарбий ва маъмурий салоҳиятини йўқ қилиш. Биз буни тизимли равишда амалга оширмоқдамиз. Блокаданинг дастлабки босқичи якунланди. Иккинчи босқич – доимий равишда ҳаво ҳужумлари эди. Учинчи босқич – Ғазо секторига қуруқликдан кириб боришни кенгайтириш. Исроил мудофаа кучлари буни ўлчовли, жуда кучли қадамлар билан, тизимли равишда босқичма-босқич амалга оширмоқда”, деган Бош вазир. 

Нетаньяхунинг қўшимча қилишича, Ғазо сектори ичидаги қуруқликдаги операциялар, шунингдек, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади. 

“Бу манёвр [Исроил армиясининг қуруқликдаги ҳаракати] ҳатто [гаровга олинганларни] озод қилиш учун имкониятларни очиб беради ва биз уларни қўлдан бой бермаймиз. Бу кампания вақт талаб этади, кутилмаган тўсиқлар бўлади, қийинчиликлар бўлади. Йўқотишлар бўлса, кутилмаган ҳодисалар бўлади, лекин охир-оқибат мен сизга бир нарсани ваъда қиламан: ҲАМАС йиқитилади, ҲАМАС мағлуб бўлади, бошқа бир Ғазо бўлади”, деб ишонтирган у.

Шунингдек, Бош вазир Исроил ҳарбийлари Ливандан ўқ узиш давом этаётган шимолий чегараларда юқори шай ҳолатга келганини айтган. 

“Бир вақтнинг ўзида биз шимолий фронтда тўсиқ бўлиш устида фаол ишламоқдамиз. Мен “Ҳизбуллоҳ”га яна бир бор айтаман: агар сиз кампанияга тўлиқ аралашишга қарор қилсангиз, ҳаётингиздаги хатога йўл қўясиз. Сиз шундай зарба оласизки, буни тасаввур ҳам қила олмайсиз" деб огоҳлантирган у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 октябрь куни Биньямин Нетаньяху урушнинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг