Исроил Трамп ғалабасидан кейин АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Олам
−
14 Ноябрь
1990Исроил расмийлари республикачи Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан кейин АҚШ билан Яқин Шарқдаги ҳамкорликни кенгайтиришга умид қилмоқда. Бу ҳақда Исроилнинг иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш бўйича махсус вакили Гидеон Бехар "Bloomberg" агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз унинг барқарорлигини мустаҳкамлаш учун минтақадаги [АҚШ билан] ҳамкорлигимизни кенгайтирмоқчимиз. Биз АҚШ билан барча жабҳаларда, жумладан, иқлим, сув, қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланадиган энергия бўйича ҳамкорлик қилиш ниятидамиз”, деди у.
Бехар, хусусан, ичимлик суви етишмаслигига қарши курашиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш мумкинлигини таъкидлади. Бундан ташқари, исроиллик дипломатнинг эслатишича, Трамп президентлигининг биринчи муддати 2020 йилда АҚШ воситачилигида яҳудий давлати ва қўшни давлатлар – БАА ва Баҳрайн ўртасидаги муносабатларни меъёрлаштирган келишувлар имзоланиши билан эсда қолган.
Шу муносабат билан Бехар Трампнинг Оқ уйга қайтиши минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам худди шундай ҳужжатлар имзоланиши билан белгиланишига умид билдирди.
Трамп 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Демократик партия вакили, АҚШ вице-президенти лавозимини эгаллаб турган Камола Ҳаррисни мағлуб этди. Бундан ташқари, республикачилар АҚШ Сенати устидан назоратни ўз қўлига олишга муваффақ бўлди. Трампнинг инаугурацияси 2025 йил 20 январда бўлиб ўтади.
LiveБарчаси