Исроил сабаб UNESCO'дан чиққан АҚШ яна ташкилотга қайтди

Олам

image

АҚШ беш йиллик танаффусдан сўнг яна Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фан, таълим ва маданият бўлими – UNESCO'га қайтди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифасида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар UNESCO'га қайтиши билан унинг тўлақонли 194-аъзосига айланган.

“Қўшма Штатларнинг UNESCO'га қайтиши тугалланди: у яна расмий равишда ташкилотимизга аъзо давлат бўлди. Бу UNESCO учун ажойиб янгилик. Сўнгги йилларда биз қайта эришган импульс энди ўсишда давом этади. Бизнинг ташаббусларимиз бутун дунёда янада кучлироқ бўлади. Бу тарихий лаҳза. Ташкилотимиз яна бир бор универсалликка интилмоқда. Мен UNESCO учун бу ғалабани бутун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти оиласи билан баҳам кўрмоқчиман, чунки бу бутун кўп томонлама муносабатлар учун ажойиб янгилик. Агар биз асримиздаги муаммоларни ҳал қилишни истасак, буни фақат жамоавий тарзда амалга ошириш мумкин. Бу нафақат ажойиб натижа, балки келажак учун йўл харитасидир. Қўшма Штатларнинг қайтиши ва у билан боғлиқ қўшимча манбалар бизга бутун дунё бўйлаб ҳамма: ўқувчилар ва талабалар, тадқиқотчилар, академиклар, рассомлар, ўқитувчилар, журналистлар – кундалик ишимизда эътиборимиз қаратилган барча кишиларни янада яхшироқ қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. UNESCO ўзининг иккита стратегик устувор йўналиши Африка ва гендер тенглиги учун кўпроқ ресурсларга эга бўлади”, дейди UNESCO Бош директори Одри Азуле.

Энди шу ойнинг охирида ташкилот бош қароргоҳида олий даражадаги меҳмонлар иштирокида АҚШ байроғини кўтариш маросими ўтказилиши кутилмоқда.

Манбаларга кўра, АҚШ Давлат котибининг бошқарув ва ресурслар бўйича ўринбосари Ричард Верма БМТ маданият агентлигига Вашингтоннинг ташкилот олдидаги қарзини тўлаш режасини ўз ичига олган мактуб йўллаган. АҚШ Конгресси ўтган йилнинг декабрь ойида UNESCO'га кириш учун 500 миллион доллардан ортиқ аъзолик бадалини тўлаш бўйича қарорни маъқуллаган. Таъкидланишича, бундай шошилинч қарор Хитой ташкилот етакчиси сифатида АҚШнинг ўрнини эгаллашидан қўқриш туфайли қабул қилинган.

Маълумот учун, АҚШнинг UNESCO'дан чиқиши ташкилотнинг “анти-Исроил” позицияси билан изоҳланади. Масалан, 2011 йилда Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши ортидан АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама UNESCO’ни молиялаштиришни тўхтатган. 2017 йилда эса Дональд Трамп ташкилотни “Исроилга қарши позиция”да айблаб, мамлакати ундан чиқишини эълон қилганди. Кўп ўтмай Исроил ҳам ундан чиқишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ UNESCO Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг