Исроил расман UNRWA билан ҳамкорликни тўхтатишини эълон қилди
Олам
−
04 Ноябрь
3480Исроил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкил этиш агентлиги (UNRWA) билан ҳамкорликни тўхтатади. Бу ҳақда БМТнинг исроиллик вакили Дани Данонга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“UNRWA'нинг ҲАМАС томонидан эгаллаб олинганини исботловчи кўплаб далилларни БМТга тақдим этган бўлсак-да, БМТ ҳақиқий вазиятни ўзгартириш учун ҳеч қандай чора кўрмади,” деб ёзган Исроил дипломати ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
У Исроил “терроризмни қўллаб-қувватлайдиган тузилмалар”дан ташқари бошқа гуманитар ташкилотлар билан ҳамкорликни давом эттиришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNRWA билан ҳамкорликни тўхтатишни назарда тутувчи мунозарали қонун лойиҳаси Исроил парламентида 10 депутатнинг қарши ва 92 депутатнинг ёқловчи овози билан маъқулланган эди. Германия, Франция, Буюк Британия, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Корея Исроил парламентининг ушбу қонун лойиҳалари юзасидан “чуқур хавотир билдирган”. Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга мактуб йўллаб, UNRWA фаолиятини тақиқловчи янги қонунга норозилик билдирган.
LiveБарчаси