Исроил Ливан билан келишиши мумкин – ОАВ
Олам
−
31 Октябрь
1576Бугун, 31 октябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан билан сулҳ тузишга кўмаклашиш мақсадида келган АҚШ элчилари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нетаньяху идораси учрашувда АҚШ Президенти маслаҳатчиси Амос Хохштайн ва АҚШ маъмуриятининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича координатори Бретт МакГурк иштирок этганини билдирди.
Учрашув давомида Нетаньяху асосий омил у ёки бу шартномани имзолаш эмас, балки томонларнинг унинг бажарилишини таъминлаши эканини таъкидлаган.
“Бош вазир ўз нутқининг бошида америкалик дўстларимизга қилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Нетаньяху асосий нарса қоғоздаги у ёки бу келишув эмас, балки Исроилнинг келишувни амалга ошириш ва Ливан томонидан ўз хавфсизлигига ҳар қандай таҳдиднинг олдини олишини айтди. Ҳаммаси аҳолимизнинг уйларига хавфсиз қайтишини таъминлаш учун”, деди вазир идораси.
Исроилнинг “Kan” давлат телерадиокомпанияси Исроил-Ливан сулҳ битимининг Америка лойиҳасини эълон қилган. Унга кўра, Ливан жануби фақат мамлакат қуролли кучлари ва БМТ тинчликпарвар кучлари томонидан 1701-сонли резолюцияга биноан назорат қилинади ва Исроил сулҳдан кейин етти кун ичида ўз қўшинларини Ливандан бутунлай олиб чиқади.
“Axios” портали АҚШнинг икки амалдорига таяниб, Ливандаги Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасидаги вазиятни ҳал қилиш бўйича музокаралар сезиларли ютуқларга эришганини, аммо АҚШ ҳозирча иккала томон билан ҳам якуний келишувга эришмаганини хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Биньямин Нетаньяхунинг қароргоҳига ҳужум қилганди. Ҳаракат томонидан учирилган дрон Исроил Бош вазирининг Тель-Авив шимолидаги Кейсария шаҳридаги шахсий қароргоҳига бориб урилганди. Дрон ҳужум қилган пайтда Нетаньяху қароргоҳда бўлмаган, шунингдек, бошқа жароҳат олганлар ҳам мавжуд эмас. Исроил ОАВ ҳарбийлар томонидан қўйилган тақиқ сабабли, зарар ва эҳтимолий жабрланганлар ҳақида қўшимча маълумот бермаган. Мамлакат қўшинларининг иқрор бўлишича, дрон кириб келганида ҳаво мудофааси тизими уни тўхтата олмаган. Ҳатто дрон ҳарбий вертолёт яқинидан учиб ўтган.
Муҳаммад Ҳодиев