Исроил қўшинлари Ғарбий Соҳилда жангга кирди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
5663Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрида Фаластин кучлари ва Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Al Mayadeen” ва “Al-Jazeera” хабар берди.
Исроил манбаларининг маълум қилишича, Фаластин кучлари Ғарбий Соҳилнинг Наблус шаҳри жануби-шарқидаги Итамар аҳоли пункти яқинида бир автомобилга яқин масофадан ўт очган, оқибатда бир эркак ва бир аёл яраланган. Машинада беш ойлик бола ҳам бўлган, бироқ у жабрланмаган. Шундан сўнг, ҳокимият ҳудудга қўшин киритган.
“Ушбу воқеалар фонида Наблус шарқидаги Байт-Фурик шаҳрида фаластинлик ёшлар ва Исроил армияси ўртасида тўқнашувлар бошланди”, деб ёзган “Al-Jazeera”.
Бундан ташқари, ЦАХАЛ кучлари оғир техника ва дронлар ёрдамида Женин шаҳрига ҳужум уюштирган. Телеканал маълумотларига кўра, Исроилнинг учувчисиз самолёти шаҳардаги лагерга зарба берган.
WAFA ахборот агентлиги манбаларига кўра, ҳужумда 70 га яқин ҳарбий техника, тўртта ҳарбий бульдозер, бир вертолёт, разведка самолёти ва снайперлар иштирок этмоқда. Исроил ҳарбийларига атрофдаги Ал-Жалама ва Мукабиладан қўшимча кучлар келган.
“Al Mayadeen” хабарига кўра, фаластинлик жангчилар Исроил армияси колонналари йўлида бомбани портлатган. “Арслон уйи” (Арин ал-Асуд) гуруҳи Наблус ҳудудидаги 14 та ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳарбий вазирлар маҳкамаси билан йиғилиш ўтказган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат терроризмга қарши кураш мақсадини кўзламоқда, эскалациянинг олдини олишга ва Ғарбий Соҳилни иккинчи фронтга айлантирмасликка ҳаракат қилмоқда.
Маълумот учун, Ғарбий Соҳил Фаластин Озодлик Ташкилоти томонидан назорат қилинади. Унинг раҳбари Маҳмуд Аббос Фаластин Президенти ҳисобланади. Бу ҳудуднинг пойтахти – Рамаллоҳ шаҳри.
LiveБарчаси
04 Ноябрь