Исроил Ғазо шаҳрида гуманитар паузаларни бекор қилди

Олам

image

Исроилнинг ЦАХАЛ кучлари Ғазо шаҳрига қарши йирик ҳужумга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, шаҳарни “хавфли жанговар ҳудуд” деб эълон қилди.

“Бугун (29 август куни) маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан бошлаб ҳарбий ҳаракатлардаги маҳаллий тактик пауза хавфли жанговар ҳудуд ҳисобланган Ғазо шаҳри ҳудудига татбиқ этилмайди”,  дейилади ЦАХАЛ хабарида.

Гуманитар ташкилотлар аҳолига ёрдам етказиши мумкин бўлган “тактик паузалар” шаҳарда июль ойи охиридан, очарчилик ҳақида қайта-қайта хабар берилганидан сўнг Исроил аҳолига гуманитар ёрдам етказилишига қўйилган чекловларни бекор қилганидан бери амалда бўлган.

Исроилнинг даъво қилишича, Ғазо ҲАМАС гуруҳининг сўнгги таянчларидан бири, шунинг учун шаҳар ЦАХАЛ назорати остига олиниши керак. Шу билан бирга, кўплаб халқаро ташкилотлар шаҳарда жанговар ҳаракатлардан огоҳлантирмоқда, чунки у бутун сектор учун муҳим инфратузилма объектларини, жумладан, тиббиёт муассасаларини ўз ичига олади.

Исроил Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан Ғазо секторининг айрим қисмларида тўлиқ миқёсдаги очарчилик ҳақида эълон қилган Очликни текшириш қўмитаси ҳисоботини зудлик билан қайтариб олишни талаб қилди.

“Ҳисоботни тузган БМТ агентлиги сиёсийлаштирилган ва террорчи ташкилот манфаатлари йўлида ишламоқда”, деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бош директори Эден Бар-Таль 27 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Беш кун олдин эълон қилинган Очликни текшириш қўмитаси ҳисоботида глобал озиқ-овқат хавфсизлиги фазаси таснифи (Integrated Integrated Phase Classification - IPC) ташаббуси доирасида Ғазо секторининг шимоли бешинчи – ҳалокатли очарчилик даврида экани ва келгуси ҳафталарда бу ҳолат Дайр ал-Балаҳ ва Хон Юнусга тарқалиши мумкинлигини кўрсатди.

IPC мезонларига кўра, очарчилик ҳар куни 10 000 кишидан камида икки киши тўйиб овқатланмаслик ёки у билан боғлиқ касалликлардан вафот этадиган, беш ёшгача бўлган барча болаларнинг камида 30 фоизи ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекадиган ва барча уй хўжаликларининг бешдан бир қисми оғир озиқ-овқат таъминотидан азият чекадиган вазият сифатида аниқланади.

Айни пайтда, 27 август куни БМТ Атроф-муҳит дастури директори ўринбосари Жойс Мсуя яна Исроилни Ғазодаги очарчиликни келтириб чиқаришда айблади. Унинг сўзларига кўра, агар ҳозир ҳеч нарса қилинмаса, оқибатлар “тузатиб бўлмайдиган” хато бўлади.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Денни Данон ўз мамлакати ҳарбий жиноятлар содир этгани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этиб, уруш ҲАМАС “гаровга олганлар уйларига қайтганида ва ҲАМАС ҳокимиятдан кетгач” якунланишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг