Исроил Ғазо секторини АҚШга топшириши мумкин эди – Трамп
Олам
−
06 Февраль
4135Ҳарбий операция якунлангач, Исроил Ғазо секторини АҚШга топшириши мумкин эди. Бу ҳақда бугун, 6 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Ҳарбий ҳаракатлар тугагач, Исроил Ғазо секторини АҚШга топшириши мумкин эди. Фаластинликлар, Чак Шумер (Сенатдаги демократик озчилик етакчиси) каби одамлар аллақачон бу минтақада янги ва замонавий уйлар билан таъминланган, анча хавфсиз ва чиройли аҳоли пунктларига кўчирилган бўларди. Улар, ҳақиқатан ҳам, бахтли, хавфсиз ва эркин бўлиш имкониятига эга бўларди,” деб ёзди АҚШ Президенти.
Дональд Трамга кўра, АҚШ дунёнинг энг етук қурилиш гуруҳлари билан ишлаган ҳолда, секин ва эҳтиёткорлик билан ер юзидаги энг буюк ва энг таъсирчан лойиҳалардан бирини қуришни бошлаши мумкин эди.
“Ҳеч қандай АҚШ аскарлари керак бўлмасди. Минтақада барқарорлик ҳукм сурарди”, дейди у.
Маълумот учун, АҚШ Конгресси Сенатидаги демократ озчилик етакчиси Чак Шумер ва Демократик партиянинг бошқа вакиллари Фаластин давлати барпо этилиши тарафдори сифатида фаоллик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп АҚШ Ғазо сектори назоратини ва минтақадаги тиклаш ишларини ўз зиммасига олишини, шунингдек, уни бутун дунё учун “Яқин Шарқ ривейрасига” айлантиришини айтганди. Шунингдек, у ҳозирги Ғазо секторини “вайрона майдон” деб атаб, унинг аҳолисига бошқа давлатларга, масалан, Иордания ёки Мисрга доимий равишда кўчиб кетишни таклиф қилган. Бу таклифни Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластин маъмурияти ва Араб давлатлари лигаси вакиллари рад этиб, бундай ҳаракат минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши, низоларни кучайтириши ва тинчлик имкониятларини заифлаштиришини таъкидлаган. Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу таклифга жавобан исроилликларни Гренландияга жўнатишни таклиф қилган.