Исроил гаровдаги 40 киши эвазига 700 фаластинликни қамоқдан озод қилиши мумкин – ОАВ 

Олам

image

Қатардаги музокараларда Исроил Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинган 40 нафар исроиллик эвазига 700 нафар фаластинликни қамоқдан озод қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда “Walla” портали хабар берди.

Портал билан боғланган исроиллик расмийга кўра, Исроил томони озод қилиши мумкин бўлган фаластинлик маҳбуслар орасидаги 100 нафари исроилликларни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда. Манбага кўра, шунга ўхшаш таклиф Қатар томонидан уч ҳафта олдин илгари сурилган эди, аммо ўшанда Исроил кескин рад жавобини берган.

“Walla”нинг ёзишича, Исроил шу ҳафта охирида Доҳада бўлиб ўтган музокараларда Қатар ва Миср воситачилари билан алоқада бўлган АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнснинг воситачилик ҳаракатлари ортидан озод қилинадиган фаластинликлар сони бўйича мослашувчан бўлишга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари, Исроил расмийлари АҚШнинг Ғазо секторининг шимолий қисмига тинч аҳолини қайтариш бўйича таклифларини муҳокама қилишга тайёр эканини айтган. 

“Гап исроиллик гаровга олинганлар озод этила бошлаганидан кейин 2 мингдан ортиқ фаластинликлар анклав шимолига босқичма-босқич қайтиши ҳақида бормоқда. Илгари бу масала музокарачилар ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий нуқталаридан бири эди”, дея хабар беради “Walla”.

Айни дамда Қатар пойтахти Доҳада 18 март куни бошланган музокаралар давом этмоқда. Буни Қатар ТИВ расмий вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий тасдиқлади. У Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда ҳеч қандай ютуқлар бўлмаса-да, иштирокчилар маслаҳатлашувларнинг эҳтимолий истиқболларига эҳтиёткорлик билан оптимистик қарашларини қўшимча қилди. AFP’нинг хабар қилишича, Исроил разведка хизмати “Моссад” директори Давид Барнеа ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс Доҳада навбатдаги маслаҳатлашувлар ўтказгандан сўнг уни тарк этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг