Исроил эронлик ҳарбий маслаҳатчини йўқ қилгани айтилмоқда
Олам
−
02 Февраль
5327Исроил кучлари Сурия пойтахти Дамашқнинг жанубидаги бир қанча нишонларга зарба берди. Бу ҳақда бугун, 2 февраль куни Сурия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
“Бугун эрталаб соат 04:20 атрофида Исроил босиб олинган Голан тепаликларидан ҳаво ҳужумини амалга ошириб, Дамашқ жанубидаги бир қатор нишонларга ҳужум қилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Таъкидланишича, Исроил томони отган ракеталарнинг бир қисми Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган. Бунга қарамай, ҳужум моддий зарар келтирган.
“Al Arabiya” телеканалининг хабар беришича, Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган. Эроннинг Student News Network (SNN) телеканали эса ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси маслаҳатчиси Саид Алидадий ҳалок бўлганини айтмоқда.
Ўз навбатида, “Sky News Arabiya” ҳужум қурбонлари сони уч нафарга етганини хабар қилмоқда. Унга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Эрон ва Ироқ фуқаролари ҳам бор.
Маълумот учун, 29 январь куни SANA агентлиги Сурия Мудофаа вазирлигига таяниб, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Дамашқ чеккасига берган зарбаси чоғида бир неча тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. “Al Hadath” телеканали маълумотларига кўра, зарба нишони Сурия пойтахти яқинидаги Сейида Зайнаб чеккасида бўлиб, у ерда Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг “Ал-Қудс” махсус кучларининг эронлик маслаҳатчилари қароргоҳи жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Суриядаги Эрон Инқилобий Гвардияси қўмондонларидан бири Рози Мусавий ҳам Дамашқ яқинида Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида ҳалок бўлганди.