Исроил Дамашққа ҳам ҳаво ҳужуми уюштирди
Олам
−
01 Октябрь
5059Исроил бугун, 1 октябрга ўтар кечаси Сурия пойтахти Дамашққа ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Бу ҳақда SANA агентлиги хабар берди.
"Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз учинчи марта душман нишонларига қарши турди", деб ёзди агентлик маҳаллий вақт билан 2:51 да.
Бошқа бир хабарда, SANA ҳарбий манбаларга таяниб, Исроил пойтахтга эрталаб соат 2:05 да жанговар самолётлар ва дронлар ёрдамида ҳужум уюштирганини даъво қилди.
“Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ракета ва дронларнинг кўп қисмини уриб туширди. Ҳужум оқибатида 3 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 9 киши тан жароҳати олди, шунингдек, моддий зарар кўрди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Сурия давлат телевидениеси бошловчиси Сафо Аҳмаднинг Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинди. Sham FM’дан олинган маълумотга кўра, ҳужум оқибатида Меззе ҳудудида ёнғин чиққан.
Исроил расмийлари ҳужумлар ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.
Меззе туманида Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси жойлашган. Аввалроқ, 1 апрель куни Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллигига ҳам ҳужум қилиб, 7 нафар Эрон расмийси, жумладан Эрон Инқилобий Гвардияси корпусининг 2 генерали ҳалок бўлган эди.
Маълумки, Сурия армияси ҳам, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” кучлари ҳам Дамашқ ва унинг атрофида жойлашган. 2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан бери Исроил Эрон гуруҳлари ва Сурия армиясига алоқадор ҳарбий позицияларга вақти-вақти билан ҳужумлар уюштириб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил кеча, 30 сентябрь куни эрта тонгда Байрутнинг марказий Кола маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирганди. Бугун, 1 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияни бошлади. Исроил танклари аллақачон Рмеиш қишлоғи ҳудудига етиб борди.
LiveБарчаси