Исроил Бош вазири Фаластин давлати тузилишини қўллашини айтди. Унинг бир шарти бор

Олам

image
0:00
0:00
download

Фаластин-Исроил можаросини халқларнинг ҳар бири учун иккита давлат тузиш орқали ҳал қилиш Исроил манфаатларига мос келади. Бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни Исроил Бош вазири Яир Лапид БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Фаластинликлар билан икки халқ учун икки давлатга асосланган келишув Исроил хавфсизлиги, Исроил иқтисодиёти ва фарзандларимизнинг келажаги учун тўғри нарса”, дейди у.

Лапиднинг қўшимча қилишича, кўпчилик исроилликлар, жумладан, ўзи ҳам можарони ҳал қилишнинг бу усулини қўллаб-қувватлайди.

“Бизда фақат битта шарт бор: бўлажак Фаластин давлати тинч бўлиши, у Исроилнинг фаровонлиги ва мавжудлигига таҳдид солувчи бошқа террорчилар базасига айланмаслиги керак”, деб тушунтирди Бош вазир.

Унинг таъкидлашича, Исроил “барча фуқароларининг хавфсизлигини исталган вақтда ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиши” керак.

“Агар кимдир буни ҳаддан ташқари талаб деб ҳисобласа, бизнинг қўшниларимизга қарасин: Ливанга, [шиа гуруҳи] “Ҳизбуллоҳ” назорати остидаги вайрон бўлаётган давлатга қаранг; қонхўр режим ўзининг ярим миллион аҳолисини ўлдирган Сурияга қаранг”, дейди Лапид.

“Исроил Бош вазири, шунингдек, мамлакатининг иқтисодий ва ҳарбий қудрати унга ўзини ҳимоя қилиш ва шу билан бирга бутун араб дунёси, жумладан, фаластинликлар билан тинчликка интилиш имконини беришини таъкидлади. 

“Тинчлик муроса эмас. У биз қабул қила оладиган энг жасоратли қарор. Тинчлик заифлик эмас. У инсон руҳининг барча қудратини ўзида мужассам этган. Уруш – бу биздаги барча ёмонликларга таслим бўлиш. Тинчлик – барча яхши нарсаларнинг ғалабаси”, дея ишонч билдирди Лапид.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

664

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг