Исроил Бош вазири ҳушини йўқотиб, шифохонага ётқизилди
Олам
−
16 Июль 2023
7177Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху ҳушини йўқотиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда “Jerusalem Post” хабар берди.
Қайд этилишича, 73 ёшли Бош вазир Кесариядаги уйида ҳушини йўқотиб, боши билан ерга йиқилган ва шифохонага олиб кетилган. Нетаньяхунинг идораси унинг аҳволи ёмонлашганини тасдиқлаб, сиёсатчи ҳозирда Тел-Хашомер шаҳридаги “Шеба” тиббий марказига ётқизилганини маълум қилган.
Шифокорларнинг айтишича, Бош вазир йиқилгани оқибатида олган жароҳатидан ташқари кўкрак қафасидаги оғриқни ҳам ҳис қилган.
Таъкидланишича, Нетаньяху ҳозирда яхши аҳволда. Шунга қарамай, у зарба оқибатида миясига шикаст етмаганига ишонч ҳосил қилиш учун текширувдан ўтказилган. Шунингдек, юрак ритми нормаллиги ҳам ўлчанган.
Унинг идораси берган баёнотга кўра, тиббий кўрик вақтида ғайритабиий ҳеч нарса аниқланмаган ва дастлабки ташхис ҳушини йўқотиши сувсизланиш оқибатида юз берганини кўрсатган.
"Шифокорларнинг тавсиясига биноан, бош вазир қўшимча мунтазам текширувлардан ўтишда давом этмоқда", дейилади баёнотда.
Бош вазирнинг ўғли Авнер Нетаньяху шифохонада отаси билан бирга экани, рафиқаси Сара ҳам кейинроқ ёнига етиб боргани айтилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь