Исроил Байрут марказига ҳаво ҳужуми уюштирди
Олам
−
30 Сентябрь
2410Исроил бугун, 30 сентябрь куни эрта тонгда Байрутнинг марказий Кола маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда воқеа жойида бўлган мухбирига таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, бу Исроилнинг Ливан пойтахти марказига Яқин Шарқдаги можаро авж олишининг янги босқичи бошланганидан бери биринчи ҳаво ҳужумидир. Кадрларга кўра, зарба кўп қаватли турар-жой биносига теккан.
“Видеода тез ёрдам машиналари ва оломон дўконлар билан гавжум кўчага эга, асосан суннийлар яшайдиган маҳалладаги бино олдида тўпланганини кўриш мумкин”, дейилади “Associated Press” хабарида.
Агентликка исмини ошкор қилишни истамаган ливанлик манбанинг айтишича, зарбада Ҳизбуллоҳга алоқадор сунний “Ал-Жамаа ал-Исломия” гуруҳи аъзоси бир киши ҳалок бўлган. Яна 16 киши яраланган, дея қўшимча қилди агентлик суҳбатдоши. “Ал-Жамоа ал-Исломия” Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги ҳозирги можарода муҳим роль ўйнаган, деб таъкидлайди АП.
Шунингдек, AFP Исроилнинг учувчисиз самолётлари Байрут марказидаги турар-жой биносига ҳужум уюштиргани, нишон “Ал-Жамаа ал-Исломия” гуруҳининг икки аъзосига тегишли квартира бўлганини ҳам ёзади. Ушбу ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.
“29 сентябрь куни бутун кун давомида дронлар Байрут устида айланиб юрган эди”, дея хабар беради нашр.
Айни пайтда, “The Times of Israel” газетасининг ёзишича, “Ал-Жамаа ал-Исломия” гуруҳи ўз аъзолари Исроил мудофаа кучларининг Байрут марказидаги зарбаси оқибатида ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этган.
Шу билан бирга, бугун, 30 сентябрь эрта тонгда Фаластинни озод қилиш халқ фронти баёнот тарқатиб, Исроил ҳужумида ташкилотнинг сиёсий бюроси аъзоси ва ҳарбий хавфсизлик бўлими бошлиғи Абу Ғози номи билан ҳам танилган Муҳаммад Абдел Аал, Абу Зиёд номи билан ҳам танилган, Ливандаги ҳарбий қўмондон Имад Одеҳ ва Абдул Раҳмон Абдел Аал ҳалок бўлганини билдирди.
Шунингдек, 30 сентябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари ўз жанговар самолётлари Ливаннинг Бекаа водийси ҳудудида, шунингдек, мамлакат жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” нишонларига бир қатор зарбалар бергани ҳақида хабар берди. Исроил армияси маълумотларига кўра, зарба берилган нишонлар орасида “Ҳизбуллоҳ”нинг ракета отиш мосламалари ва қурол-яроғ омборлари бўлган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 29 сентябрь куни Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 105 киши ҳалок бўлган, яна 359 киши жароҳатланган. Улардан қанчаси “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор экани аниқланмаган.
LiveБарчаси