Исроил АҚШ билан янги хавфсизлик келишувини муҳокама қилмоқда
Олам
−
19:31 474 2 дақиқа
Исроил АҚШ билан навбатдаги 10 йиллик хавфсизлик келишуви бўйича музокараларга тайёргарлик кўрмоқда. Эндиликда Исроил АҚШ билан қурол-яроғ савдосини кенгайтирмоқчи. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни “Financial Times” хабар берди.
Қайд этилишича, келгуси ҳафталарда бўлиб ўтиши кутилаётган АҚШ-Исроил музокараларида Исроил нақд пул ёрдамидан кўра қўшма ҳарбий ва мудофаа лойиҳаларига устуворлик беришни мақсад қилган.
“Бу масалада шериклик шунчаки молиявий ёрдам билан чекланмайди. Пулдан ҳам муҳимроқ бўлган жиҳатлар бор, бу эса кенгроқ ёндашувни талаб қилади”, дейди Исроил Ҳарбий ва Мудофаа вазирлигининг собиқ бош молиявий маслаҳатчиси Гил Пинчас.
Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳар йили АҚШ қуролларини сотиб олиши учун ажратиладиган 3,3 миллиард долларлик молиявий ёрдам умумий келишувнинг фақат бир қисми бўлиб, келажакда бу маблағ босқичма-босқич қисқариши мумкин.
Маълумот учун, 2016 йилда АҚШ ва Исроил ўртасида 2028 йил сентябр ойигача амал қиладиган 10 йиллик ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Ушбу ҳужжат доирасида Исроилга жами 38 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратилиши белгиланган бўлиб, унинг 33 миллиард доллари ҳарбий техника хариди, 5 миллиард доллари эса ракетага қарши мудофаа тизимлари учун мўлжалланган.
Шу ой бошида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху келгуси ўн йилликда мамлакатнинг АҚШ ҳарбий ёрдамига бўлган қарамлигини камайтириш ниятида эканини ҳам маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Ғазодаги охирги гаровга олинган шахснинг майитини қайтариб олгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси