Исроил ҳукумати Шайх Жарроҳдаги уйни вайрон қилиб, 18 нафар фаластинликни ҳибсга олди 

Олам

11+

Исроил ҳарбийлари Қуддуснинг шарқий қисмида жойлашган Шайх Жарроҳ аҳоли пунктидаги уйни вайрон қилди. Қайд этилишича, уй бузилишидан аввал унинг эгалари Исроил ҳукуматининг Шайх Жарроҳ ҳудудини босиб олишига қарши чиққан.   

Маҳаллий матбуотга кўра, 18 дан 19 январга ўтар кечаси соат 3:00 лар атрофида қуролланган Исроил махсус кучлари ва полиция Салҳиялар хонадонига бостириб кириб, оила бошлиғи Муҳаммад Салҳия ва 6 нафар оила аъзосини ҳибсга олган.  

Бундан ташқари, кучишлатар тузилмалар ўша пайтда Салҳиялар оиласига бирдамлик билдириб чиққан аҳолидан камида 18 нафарини ҳам ҳибсга олган. 

Мамлакатдаги қиш тунларининг энг сувуғи дея ҳисобланаётган ёмғирли тунда оила уйидан куч билан чиқарилиб, хонадон вайрон қилиб ташланган. Оила аъзосидан бири бўлган 19 ёшли Ясмин Салҳиянинг матбуотга билдиришича, Исроил ҳукумати хонадонни бир кун олдин электр таъминотидан узиб қўйган. Полиция ҳужум уюштирган куни эса хонадон вакилларига қарши кўзни ёшлантирувчи гранатадан фойдаланган. 

“50 киши атрофидаги полиция хонадонимизга бостириб кириб, уйимиз эркакларини дўппослай кетишди. Улар ухлаб ётган отам ва акаларимни уришди, уларни олиб кетишаётганда ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан, устларига кийим кийиб олишларига ҳам қўйишмади. Улар, ҳатто, аммамни ҳам калтаклашди”, дея билдирган 19 яшар Ясмин “Al-Jazeera” телеканалига.

Бундан ташқари, полиция воқеа жойига йиғилган фаоллар ва журналистларга қарата резина ўқлардан ўт оча бошлаган. Бир неча киши жароҳатлангани айтилмоқда.
 
Воқеага гувоҳ бўлган “Wadi Helweh” ахборот агентлиги раҳбарининг “Al-Jazeera”га билдиришича, кечки соат 3:30 ларда воқеа жойини 200 дан ортиқ полиция ва махсус кучлар вакиллари ўраб олган.

Ясминнинг қўшимча қилишича, хонадон вайрон қилинганидан бир неча соат ўтган бўлишига қарамай, Исроил полицияси ҳибсга олинганлар ҳақида на оила аъзоларига ва на адвокатларга маълумот берган. 

Вайрон қилинган Салҳиялар хонадони Қуддусдан 1 км узоқликдаги махсус девор билан ўраб олинган Шайх Жарроҳ аҳоли пунктида жойлашган. 

Билдирилишича, Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида жойлашган Шайх Жарроҳдаги қолган аҳолининг ҳам уйлари Исроил ҳукумати томонидан вайрон қилиниши кутилмоқда.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Исроил

Баҳолаганлар

145

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг