Исроил ҲАМАСга 2 ойлик сулҳ таклиф қилди – ОАВ
Олам
−
23 Январь
5758Исроил ҲАМАСга Ғазо секторида гаровга олинган барча одамларни озод қилиш эвазига икки ойлик сулҳ таклиф қилди. Бу ҳақда кеча, 22 январь куни исми сир қолишни истаган икки Исроил расмийсига таяниб, “Axios” сайти хабар берди.
Билдирилишича, таклиф Миср ва Қатардаги воситачилар орқали ҲАМАСга етказилган.
“Келишув барча тирик қолган гаровга олинганларни озод қилишни ва ўлик гаровга олинганларнинг жасадларини бир неча босқичда қайтаришни ўз ичига олади”, дейди манбалардан бири.
Исроил таклифига кўра, биринчи босқич аёллар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва оғир аҳволдаги гаровга олинганларни озод қилишдан иборат. Кейинги босқичларда аёл аскарлар, 60 ёшга тўлмаган эркак ҳарбий бўлмаганлар, исроиллик эркак ҳарбий хизматчилар қўйиб юборилиши ва ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасадлари қайтарилиши керак.
Бундан ташқари, таклиф Исроил мудофаа кучларини қайта жойлаштиришни, хусусан, уларнинг бўлинмаларини Ғазо секторидаги асосий аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади. Бу фаластинлик тинч аҳолига аста-секин Ғазо шаҳри ва секторнинг шимолий қисмларига қайтиш имконини беради.
“Исроил ва ҲАМАС вакиллари исроиллик гаровга олинганлар эвазига озод қилинадиган фаластинлик маҳбуслар сони бўйича келишиб олишлари керак бўлади. Бироқ таклиф Исроил ҳарбий операциясини тўхтатишга ёки Исроил қамоқхоналаридаги 6000 нафар фаластинлик маҳбусларнинг ҳаммасини озод қилишга рози бўлмаслигини яққол кўрсатиб турибди”, дейди “Axios” суҳбатдошлари.
Манабага кўра, Исроил расмийлари ҲАМАСдан жавоб кутмоқда, бироқ улар яқин кунларда олдинга силжиш бўлишига ишонмаслигини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАСнинг Ғазо секторида жангларни тўхтатиш эвазига гаровга олинганларни қайтариш ҳақидаги таклифига рози бўлмаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь