Испания полицияси россиялик давлат менежерининг виллаларида тинтув ўтказди

Олам

image

Кеча 9 март куни Испания полицияси ходимлари Мальорка оролидаги бир нечта ҳашаматли қасрларда тинтув ўтказди. Ушбу объектлар “Россия вертолётлари” холдингги раҳбари Николай Колёсовга тегишли экани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “El Pais” нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, тергов ҳаракатлари маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида бошланган. Ўнлаб полиция ходимлари Мальорка жанубидаги Калвия муниципалитетида жойлашган иккита қасрга етиб борган. Полициядаги манбалар бошқа тафсилотларни очиқлашдан бош тортган. Терговни Испания полицияси таркибига кирувчи разведка хизмати – Ахборот бош комиссариати олиб бормоқда.

Маълумот учун, 2025 йил июнь ойида Россия Коррупцияга қарши кураш фонди суриштирув эълон қилган. Унда Колёсовнинг оиласи ва унга алоқадор шахслар Испаниянинг Пальма-де-Мальорка шаҳрида бешта вилла, Ялтада сарой, Дубайда кўчмас мулк, шунингдек, иккита самолёт ва битта вертолётга эгалик қилиши айтилган. Терговчиларнинг маълумотларига кўра, Мальоркадаги учта вилла (ҳар бири тахминан 750 квадрат метр) Колёсовнинг ўғли Алексей номига расмийлаштирилган бўлиб, у 2024 йилда, тўрт ёшида уларнинг эгасига айланган.

Николай Колёсов 2007 йилда Амур вилояти губернатори этиб тайинланган, бироқ 2008 йилдаёқ истеъфога чиққан. Шундан сўнг у “Ростех” таркибидаги “Радиоэлектрон технологиялар концерни”га (КРЕТ) раҳбарлик қилган, 2021 йилда эса “Россия вертолётлари” раҳбари этиб тайинланган.

Халқаро ФБК раҳбари Мария Певчих 2025 йил октябрь ойида Испанияда Николай Колёсовга тегишли кўчмас мулклар пул ювиш иши доирасида хатлангани ҳақида хабар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Испания Мальорка тинтув Николай Колесов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг