Испания қироли Ўзбекистонга келмоқчи

Жамият

image

Испания қироли Филипп VI пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан келмоқчи. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида қирол Филипп VI қабулида бўлиб, у билан юзма-юз мулоқот қилган.

Испания қироли Филипп VI томонидан “Palacio Real de Madrid” саройида хорижий делегациялар раҳбарлари шарафига расмий қабул ташкил этилган.

Расмий тадбирлардан сўнг Испания қироли билан Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўртасида юзма-юз мулоқот бўлиб ўтган. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда ўзбек халқи номидан Испания қироли ва унинг оила аъзолари, шунингдек, испан халқига саломини йўллаб, самимий тилакларини етказган.

Қирол Филипп VI, ўз навбатида, 2017 йилнинг июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Остона шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувини илиқ хотиралади.

“Испания қироли бугунги кунда Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар узоқ тарихга эга экани, олти аср илгари Испания қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Самарқандга амалги оширган ташрифи ва Амир Темур билан учрашувига бориб тақалишини айтди. Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатларининг давоми сифатида Ўзбекистон томонидан Испания компаниясининг “Тальго” русумли поездлари сотиб олингани, улар асосий туризм шаҳарларини боғлаётгани ҳамда яна янги икки поезд олиб келиш каби режалар қиролда катта қизиқиш уйғотди”, дейди Азиз Абдуҳакимов.

Шундан сўнг, Испания қироли пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориш истаги борлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

туризм Ўзбекистон-Испания

Баҳолаганлар

370

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг